×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Япониянинг «GAINA Pro» компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Aгар давлатда маиший чиқиндиларни бошқаришнинг яхлит тизимини жорий қилинмаса, аҳолининг ўсиши, саноатлаштириш ҳамда фуқароларнинг даромадлари ва фаровонлиги даражасининг ошиши доимо қаттиқ маиший чиқиндиларнинг (ҚМЧ) изчил кўпайишига олиб келади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндилар пайдо бўлмоқда ва улардан бор йўғи 10 фоизи қайта ишланиб, қолган қисми чиқиндилар полигонига ташланмоқда. Ушбу масалани ҳал этиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2019-2028 йилларга мўлжалланган қаттиқ чиқиндиларни бошқариш стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг вазифаларидан бири сифатида қаттиқ чиқиндиларни бошқариш соҳасида инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан биргаликда амалга ошириш белгиланган.

Ушбу соҳадаги инновацион ечимларни излаш учун Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси кимё воситаларисиз сув ресурсларини тозалаш ва қайта ишланадиган маҳсулотлар бўйича бир қатор технологик лойиҳалар муаллифи «GAINA Pro» компаниясига мурожаат қилди. Хусусан, компания Япония аерокосмик тадқиқотлар агентлигига ракеталар ва йўлдошлар учун юқори атмосфера ҳароратидан ҳимоя қила оладиган юқори сифатли изоляцион бўёқ ишлаб чиқди.

Ўтказилган онлайн конференцияда Ўзбекистонда қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган заводни барпо этиш лойиҳаси ва ушбу ташаббусда япониялик шерикларнинг иштирок етиш имкониятлари муҳокама қилинди.

«GAINA Pro» компанияси президенти Тацуя Окуда йиғилганларга қаттиқ чиқиндилар, ПЕТ-идишлари ва ойналар ўғит, ёқилғи ҳамда кейинчалик қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган намликни сақловчи субстратга айлантирилиши мумкин бўлган қайта ишлаш технологиясини тақдим етди. Япония ускуналарининг ноёб хусусиятларидан бири бу қаттиқ маиший чиқиндилар 60 ℃ ҳароратда қайта ишланади. У хом ашёнинг ёниши учун қўшимча энергия харажатларини талаб қилмаган ҳолда биологик парчаланиш орқали содир бўлади. Т.Окуданинг таъкидлашича, ускуналар юқори мобиллиги ва талаб қилинган шарт-шароитларга қараб, керакли миқдордаги тонна қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлашга қодирлиги билан фарқ қилади. Чиқиндилар ҳажми ва турларига асосланиб, лойиҳанинг молиявий қиймати ҳисобланиши керак.

Тадбир чоғида Хоразм вилояти ҳокимлиги вакиллари томонидан барча зарур маълумотлар кейинги йиғилишга тайёрланилиши ва ушбу технологияни минтақада қўллаш имкониятларини янада чуқурроқ ўрганиш учун бугунги кунда Хоразм вилоятида чиқиндиларни олиб кетиш ва қайта ишлаш хизматларини кўрсатувчи ООО «Urganch Avto Еко Trans» МЧЖ мутахассислари ҳам жалб қилиниши қайд этилди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги раҳбарияти томонидан чет эл капитали иштирокидаги лойиҳани амалга оширишда бериладиган қулайлик ва имтиёзлар ҳамда кейинчалик лойиҳада фойдаланиш учун импорт қилинадиган технологиялар ва ускуналарга солиқ солиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Музокаралар сўнггида кўриб чиқилаётган лойиҳани кўплаб ихтисослашган мутахассислар иштирокида батафсил муҳокама қилиш учун мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.