×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Қадимий буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос боғлаб туради. Биз бугун бу кўҳна анъаналарни қайта тиклаяпмиз. Давлатлараро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион доллар, келгусида эса 1 миллиард долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, саноат соҳаларида кооперация дастурини, савдо айланмаси таркибини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Иккинчи муҳим йўналиш – мамлакатларимиз ва минтақаларимиз ўртасида мультимодал транспорт, юк ва ҳаво ташувлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда Транзит ва савдо битими кучга кирди, мунтазам юк ташувлари учун асос яратилди.

Президентимиз транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. 

– “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли бизнинг умумий келажагимиздир. Бу йўл битса, Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади, – дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Музокарада ушбу лойиҳани янада илгари суриш бўйича келишувга эришилди.

Доимий авиақатновларни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар  ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Панжоб музофоти ишбилармонлари кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Келгусида Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси ва бошқа ҳудудларда ҳам ана шундай самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Зиёрат туризми – яна бир муҳим йўналиш. Покистонда нақшбандия тариқатининг миллионлаб вакиллари, улуғ алломаларимизнинг ихлосмандлари бор. Қадимий обида ва зиёратгоҳлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар мероси икки халқ учун ҳам қадрли.

Президентимиз зиёратларни тизимли ташкил этиш мақсадида қўшма гуруҳ тузиш, икки мамлакат Туризм вазирликларининг ваколатхоналарини очишни таклиф қилди.  

Учрашувда илм-фан, экология, олий таълим, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларга ҳам эътибор қаратилди.

Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, вазирлар эришилган келишув ва келгусидаги режалар ҳақида ахборот берди. Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, тегишли кўрсатмалар берди. 

– Ўйлайманки, бугунги очиқ ва сермаҳсул мулоқотларимиз, имзоланадиган ҳужжатлар стратегик шериклигимизнинг янги истиқболли йўналишларини очади. Энг асосийси, биз – икки биродар бир-биримизни яхши тушунамиз. Биз қўйган катта марраларга эришиш учун Ҳукуматларимиз доимий мулоқотда бўлишлари зарур, – деди Президентимиз.

Музокаралар мамлакатларимизда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта хоҳиш-ирода ва интилиш борлигини яна бир бор тасдиқлади.

 

Манба: president.uz