×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

2020 йил 1-чорак якуни бўйича тахминий маълумотлар: Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 4,1 фоизга ўсди

Жорий йилнинг январь-март ойлари давомида Ўзбекистоннинг қатор иқтисодий кўрсаткичларида қандай ўзгаришлар юз берди?

2019 йилнинг январь-март ойларига нисбатан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) реал ҳажми 4,1 фоизга ўсиб, 110 517,8 млрд. сўмни ташкил этди. Истеъмол нархлари индекси ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 2,8 фоизга ошди.

Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 4 фоизга ўсиб, 82 229,5 млрд. сўмни, халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш эса 11,2 фоизга ўсиб, 22 910,1 млрд. сўмни ташкил этди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигини ишлаб чиқариш 3,9 фоизга ошган ҳолда 25 228,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Асосий капиталга инвестициялар ҳажми камайиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 89,5 фоизни ташкил этди. Шунингдек, қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан чакана товар айланмаси 3,8 фоизга, хизмат кўрсатиш 9,9 фоизга ошди.

2020 йил январь-март ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси 8,1 млрд. АҚШ долларини, шу жумладан экспорт – 3.37 млрд. АҚШ доллари, импорт 4,76 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Товар айланмаси ҳажми ўтган йилга нисбатан камайди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 89,8 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, экспорт ҳажми импортга нисбатан камайиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 89,1 фоизни, импорт эса 90,3 фоизни ташкил этди.

Ташқи савдо балансининг сальдоси салбий бўлиб, 1 390,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Кўплаб йўналишларда биринчи чорак кўрсаткичлари етарлича ижобий натижани қайд этгани ушбу даврнинг кўп қисмида Ўзбекистон иқтисодиёти коронавирус инфекцияси билан боғлиқ чеклов чоралари таъсирини сезмаганидан далолат беради. Шунга қарамай, бошқа мамлакатлар томонидан пандемияга қарши кураш бўйича кўрилаётган чоралар ташқи иқтисодий фаолият натижаларига аллақачон ўзининг салбий таъсирини етказди. Боиси чеклов чоралари бошқа мамлакатлар томонидан анча аввал қўлланила бошланган.