×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

РА «RAEX»: Ўзбекистоннинг барқарор истиқболга эга бўлган BB рейтинги республика иқтисодий ўсишининг ижобий динамикаси билан боғлиқ

Мамлакатимизнинг Германиядаги Бош консуллиги томонидан РА «RAEX» рейтинг агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган ахборот тадбири Франкфурт-Майн шаҳрида бўлиб ўтди.

Тадбирда Беларусь, Бельгия, Германия, Грузия, Қозоғистон, Нидерландия, Россия ва Ўзбекистон жамоатчилик, сиёсий, ишбилармон доиралари, банк-молия тузилмалари вакиллари иштирок этди.

Иштирокчилар мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши, ижтимоий-сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳаларни ислоҳ қилишнинг фаол жараёни билан таништирилди.

Ўз навбатида, РА «RAEX» спикери Ўзбекистоннинг яқинда янгиланган кредит рейтинги, унинг ўсиб бораётган молиявий бозори ва барқарор банк тузилмалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Унинг таъкидлашича, глобал пандемия, унинг миллий ва халқаро савдога салбий таъсирига қарамай, Ўзбекистонда ўтган йилги барқарор прогнозга эга BB- кўрсаткичининг такрорланиши республикада иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикаси давом этаётгани билан боғлиқ.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда давлат секторидаги таркибий ислоҳотлар, ижобий иқтисодий ривожланиш сақлаб қолингани қайд этилиб, бу, ўз навбатида, республикага хорижий инвестициялар оқимини кенг жалб қилиш имконини бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш ва инвестицияларни тарғиб қилиш агентлиги вакиллари, шунингдек, хусусий компаниялар – «Авесто» Инвестиция гуруҳи ва «Asia Frontclear Management B.V.» Ўзбекистондаги банк-молия ислоҳотлари, савдо-иқтисодий имкониятлар тақдимотини ўтказди. Ҳукуматнинг маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун барча шароитларни яратишга қаратилган сиёсати ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашилди.

https://dunyo.info/