×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбек – афғон бизнес ҳамкорлигининг янги истиқболлари

25 май куни Термиз шаҳрида Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форуми ташкил этилди. Унда икки мамлакат ишбилармонлар ва расмий доираларнинг 300дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Форум икки мамлакат делегациялари раҳбарларининг нутқлари билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар ўз сўзларида Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга содиқлигини тасдиқлади.

Ўзбекистонда ўтган икки йил мобайнида Афғонистон сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга кўпайиб, ўзаро савдо ҳажми қарийб 800 млн долларни ташкил этгани маълум қилинди. Шу билан бирга, икки томонлама иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро савдони ошириш бўйича муҳим ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Энергетика, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, фармацевтика саноати ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар инвестициявий ва савдо ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўз чиқишларида Ўзбекистон ва Афғонистон компанияларини бизнесда фаол ҳамкорлик қилишга, янги лойиҳавий таклифларни ишлаб чиқишга ва форум якунлари бўйича аниқ натижаларга эришишга чақирди.

Форумда, шунингдек, Афғонистоннинг Балх провинцияси маъмурияти раҳбари Муҳаммад Фарход Азимий, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти хокими Т.Боболов, Афғонистон савдо-саноат палаталари Федерацияси раиси Исмоил Газанфар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ҳамда Ўзбекистон тармоқ идоралари раҳбарлари сўзга чиқиб, ишбилармонлик соҳасида шериклик ва минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича энг истиқболли йўналишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Афғон тадбиркорларига Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар, давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат иштирокидаги корхоналарни трансформациялаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича механизмлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бизнес-форум иштирокчилари Ўзбекистонда турли тармоқларда бизнес юритиш имкониятлари билан тўлиқ танишиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва келгусида биргаликда ривожлантириладиган аниқ лойиҳа таклифларини кўриб чиқиш имконига эга бўлдилар. Аниқ йўналишлар ва лойиҳалардаги ҳамкорликнинг кейинги босқичларини аниқлаш мақсадида “B2B” ва “G2B” шаклларида манзилли учрашувлар орқали форум иши давом эттирилди.

Форум якунида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Афғонистон савдо-саноат палаталари Федерацияси ўртасида 2021-2022 йилларда ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”, шунингдек, Афғонистонга шиша, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш бўйича қатор саноат кооперацияси лойиҳалари ва экспорт шартномалари имзоланди.

Тадбир доирасида Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг саноат-иқтисодий имкониятларини очиб берадиган минтақалараро ва тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси, шунингдек, “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

https://mift.uz/