×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Инвестициявий муҳитда ёшлар учун янги имкониятлар

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тошкент ёшлар форумида иштирок этиб, ёшларга ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг мавжуд механизмлари ва инвестициявий муҳитда уларнинг фаоллигини ошириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.

У ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти, республикамизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви йўлидаги дадил қадамлар, шунингдек, хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади.

Хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ижобий динамикаси ва “яшил” энергетика, инфратузилмавий ривожланиш ҳамда бошқа устувор йўналишларда етакчи чет эл компаниялар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда йирик лойиҳаларни амалга оширишда эришилган ютуқлар қайд этилди.

Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омили сифатида касб-ҳунар ва олий таълим тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу чора-тадбирлар етакчи хорижий университетлар билан фаол ҳамкорлик қилишни, қўшма ўқув дастурлари, амалиёт ва малака ошириш курсларининг жорий этилишини ўз ичига олади.

Шунингдек, Ўзбекистон билан халқаро молия марказлари ўртасида молиявий кўприк вазифасини ўташга мўлжалланган ҳамда капитал ва кенг кўламли молиявий хизматлар ва инвестиция воситаларидан кенг фойдаланиш имконини берувчи ягона платформа – Тошкент инвестиция-молия марказининг ташкил этилиши эълон қилинди.

С.Умурзаков ўз нутқида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш натижаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ўтган йил давомида мамлакатимизда 192 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиб, уларда 345,4 млрд сўмлик 185 та лойиҳа амалга оширилгани ҳамда шунинг эвазига 3,5 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани маълум қилинди. Шу билан бирга, умумий қиймати 1,7 трлн сўмдан зиёд бўлган 3,1 мингдан кўпроқ лойиҳалар амалга оширилиб, уларда қўшимча равишда 36,4 мингта янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўмагида умумий қиймати 110,9 миллиард сўмлик 163 инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди.

Ёшлар билан мулоқот қилиш ҳамда уларнинг лойиҳа ва бизнес ғояларини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш жараёнида аниқланган муаммолар, жумладан, мамлакатимиз тижорат банкларида юқори даражадаги бюрократиянинг мавжудлиги, ёш тадбиркорларда бошланғич маблағнинг, бизнес юритиш учун зарур бўлган билим ва тажрибанинг етишмаслиги ва бошқа омиллар тадбир давомида кўриб чиқилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан инвестициявий муҳитда ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган 100 энг яхши инновацион инвестиция лойиҳалари танлови бошлаб юборилгани ҳам эълон қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар Бош вазир ўринбосари билан бевосита мулоқот қилиш, истиқболли ғоя ва таклифларни билдириш, ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича саволлар бериш имконига эга бўлдилар. Бундан ташқари, ёшлар вакиллари тадбиркорлик фаолияти давомида дуч келган хусусий муаммоларни ҳам кўтардилар. Мазкур муаммолар бевосита форум доирасида кўриб чиқилиб, уларнинг ечими Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари томонидан назоратга олинди.

 

mift.uz