×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Молия вазирлиги ва Жаҳон банки: ҳамкорликнинг яна бир босқичи​

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорлигида 25 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда. 5 миллиард 700 миллион доллар миқдорида маблағни ташкил этган ушбу лойиҳалардан кўзланган мақсад ичимлик сувини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, тиббиёт, йўл инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишлар равнақига қаратилган.

Молия вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида «Институционал салоҳиятни ошириш» лойиҳасини амалга оширишга қўл урилди.

Мазкур лойиҳанинг очилиши муносабати билан вазирлик ҳузуридаги ўқув марказида семинар ўтказилди.

Маҳаллий ва хорижлик масъул вакиллар, экспертлар, мутасадди ходимлар иштирок этган тадбирда янги лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар халқаро молия муассасаларининг жараёнда фаол иштирокини таъминлаш баробарида мамлакат молия тизимини бошқариш ҳамда давлат-хусусий шериклик фаолиятини ривожлантиришга катта имконият яратаётганини таъкидлади.

Мазкур лойиҳада асосан мамлакатимизда давлат молиясини бошқаришни ривожлантириш, корпоратив секторнинг бозор амалиётлари учун шароитларни яхшилаш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш механизмларни такомиллаштириш кўзда тутилган.

– Умумий қиймати 33 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан молиялаштирилади, – деди Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Ғолиб Холжигитов. – Унга кўра, эътибор давлат молия тизимини институционал кучайтиришга қаратилади. Бу нима дегани? Бу тизимни ҳар жиҳатдан янада такомиллаштиришдир. Лойиҳаларни амалга оширишда бизга халқаро тажриба зарур. Лойиҳаларни ишлаб чиқишда кадрлар салоҳияти ва тизимдаги институционал салоҳият талаб этилади. Айни қўл урилган лойиҳа бу ишларда ўзининг амалий аҳамиятига эга.

Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳа учта муҳим йўналишни ўзида ифода этади. Бундан мақсад давлат молиясини бошқариш соҳасини такомиллаштириш, давлат активларини самарали бошқариш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шу мақсадда ташкил этилган Иқтисодий кенгаш фаолиятига кўмаклашишдир.

– Ҳар қандай давлатнинг энг асосий активи – унда яратилган тизим, фаолият кўрсатаётган корхона, ташкилотларнинг кучи ва салоҳияти, – деди Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. – Ўзбекистоннинг айнан шу каби тизими, улардаги таҳлил салоҳиятини оширишга, улар томонидан лойиҳалар яратилиши ва амалга оширилишини бизнинг молия муассасамиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Янги бошланган лойиҳа ҳам муҳим лойиҳалардан бири бўлиб, у имтиёзли кредит асосида молиялаштирилади.