×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Навоий вилояти тадбиркорлари ва экспортчилари билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Навоий вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бугунги ҳолатини ўрганиш ва уни янада рағбатлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорлар ва экспортчилар ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш мақсадида ушбу ҳудудга йўл олди.

Ташриф давомида маҳаллий ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда тизимли ва хусусий характердаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда 250 дан кўпроқ тадбиркор ва экспортчилар қатнашди. Иштирокчилар бевосита Комиссия аъзоларига мурожаат қилиб, ўзиларининг муаммоли масалалари ҳақида сўзлаб беришди, уларнинг ҳар бири батафсил ўрганиб чиқилди.

Ҳар бир ҳолат таҳлил қилиб бўлингач, Ҳукумат комиссияси раҳбарияти томонидан мутасадди раҳбарларга ўрганилган муаммоларни белгиланган муддатларда ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан манзилли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари масъул раҳбарларига ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, саноат тармоқларини ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш мақсадида шаҳар, туман ва маҳаллалар кесимида ҳудуднинг иқтисодий, инвестициявий ва саноат салоҳиятини ўрганиш бўйича ишларни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир ижтимоий тармоқлардаги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг расмий саҳифалари орқали онлайн тарзда узатиб турилди. Шу сабабли, тадбиркорлар ва экспортчилар Ҳукумат комиссияси раҳбариятига Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқлари орқали мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Қабул қилинган мурожаатлар ҳам Комиссия аъзолари эътиборига ҳавола этилиб, диққат билан ўрганиб чиқилди, натижада ҳар бир масала бўйича аниқ ечимлар ишлаб чиқилди.

Ҳукумат комиссияси топшириқларининг бажарилиши устидан тизимли назоратни амалга ошириш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юкланди.

 

Манба: mift.uz