×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Сурхондарё вилоятининг барча туманлари ва Термиз шаҳри маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида вилоятда инвестициявий, саноат ва экспорт фаолиятини янада рағбатлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари инвестициялар ва экспортнинг жорий кўрсаткичлари бўйича ҳисобот ҳамда ҳозирги вақтда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот бердилар, шунингдек, келгусидаги режалари билан таништирдилар.

Хусусан, Ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ, 2022 йилда Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 672 миллион долларга тенг бўлган 762 лойиҳани ҳаётга жорий қилиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 14 795 иш ўрни яратилади. Янги ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган манзилли чора-тадбирлар туфайли йил охирига қадар вилоятда экспорт кўрсаткичлари қарийб 400 миллион доллардан ошиши керак.

Ишлаб чиқаришни тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналарни реанимация қилиш орқали ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш бўйича ишларнинг бориши муҳокама қилинди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига юзага келаётган масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш, шунингдек, вилоятда саноат объектларининг фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Ҳар бир туманнинг саноат салоҳиятига мос янги юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда ташкил этилган «лойиҳа гуруҳлари»ни фаол жалб қилиш топширилди. Шу билан бирга, ички ва ташқи бозорда харидоргир ва юкори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга эътибор қаратиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, Давлат раҳбарининг 2021 йил июнь ойида вилоятга ташрифи чоғида берилган кўрсатмаларининг бажарилиши ҳамда Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси топшириқларнинг ижроси ўрганилди.

Йиғилиш якунида вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг масъул раҳбарларига муҳокама қилинган масалалар бўйича ижро этишнинг аниқ муддатлари белгиланган манзилли топшириқлар берилди.

 

Манба: mift.uz