×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Корея бизнеси Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга тайёр

Сеулда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Корея Республикаси йирик бизнес ва давлат корпорациялари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказди.

Тадбирда Samsung Group, KIA Motors, LG Corporation, POSCO Group, Hyundai Motor Group, Lotte Group, Korea Telecom, KNOC каби компаниялар раҳбарлари, шунингдек, KITA Корея халқаро савдо уюшмаси ва “КУБА” Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида С.Умурзаков сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар йўлидан барқарор ҳаракатланаётганини ҳамда иқтисодиётнинг ошкоралигини ошириш ва жаҳон иқтисодий маконига интеграциялашни давом этишга интилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Корея бизнес вакилларини Ўзбекистонда яратилган ноёб имкониятлардан фойдаланишга таклиф этди, тегишли масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг нутқи давомида бир қатор йирик корейс компанияларининг Ўзбекистонда кенг кўламли юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси қайд этилди. Сўнгги бир неча йил ичида ўзаро муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашда ишбилармон доираларнинг роли алоҳида таъкидланди.

Энергетика, енгил саноат, металлургия, ахборот технологиялари, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва электротехника каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда саноат кооперациясини йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар муҳокама этилди.

Корея бизнесининг вакиллари ўз компаниялари ҳақида маълумот бердилар ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва тармоқлари, шунингдек, қўшма лойиҳалар доирасида ўзаро манфаатли шериклик механизмларига тўхталиб, келгусида Ўзбекистонда фаолият юритиш режалари ҳақида фикр юритдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Корея ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Корея халқаро савдо уюшмаси билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида яқин келажакда Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми ташкил этилиши кутилмоқда.

 

mift.uz