×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10
+998 (71) 238-50-69

Италиянинг «Innovando» компанияси қаттиқ маиший чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича кластер яратиш лойиҳасида иштирок этишдан манфаатдор

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори кучга кириши билан жалб қилган вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда саноат экспертлари томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш бўйича энг мақбул ечимларни топиш устида фаол иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ҳам маиший чиқиндиларни бошқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича технологиялар ва билимлар трансфери жараёнига қўшилди, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ихтисослаштирилган компанияларни жалб қилишга бел боғлади.

Элчихона кўмагида 2019 йил сўнггидан буён, Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича инвестиция лойиҳасида иштирок этиш мақсадида стратегик экологик инновацияларни ишлаб чиқиш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этишга ихтисослашган Италиянинг «Innovando» компанияси билан музокаралар ўтказилмоқда.

Мазкур мулоқот давоми сифатида июн ойининг ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари ҳамда “Toza Hudud” ДУК, “Innovando” компанияси ва “Energy X Group” МЧЖ ҚК раҳбарияти иштирокида видеоконференция ташкил этилди.

Учрашувдан кўзланган мақсад – “Сирдарё вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди. Лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича кластерни яратиш режалаштирмоқда. Чуқур қайта ишлаш технологиялари туфайли чиқиндиларнинг 60 фоизини қайта ишлаш ва цемент тайёрлаш учун биогаз, пластик маҳсулоти ҳамда ҳом ашё гранулалари олиш учун иккинчи маротаба ишлатиш режалаштирилмоқда. Кўп босқичли лойиҳани амалга ошириш 5 йилга мўлжалланган ва унинг умумий қиймати 40 миллион еврони ташкил этади.

Музокаралар давомида Италия томони биринчи босқичда италиялик компаниялар томонидан кейинги сармояларни жалб қилиш ва эксплуатация харажатларини қоплашга замин яратадиган тариф тизимини жорий этиш масаласини муҳокама қилиш зарурлигини таъкидлади. Кейинги босқич – бу чиқиндиларни қайта ишлаш чоғида иккиламчи ресурсларни олиш, уни амалга ошириш ва сотишдан иборатдир. Олинган маҳсулотлар кейинчалик хорижий давлатларга, шу жумладан, Италияга ҳам экспорт қилиниши мумкин.

Режалаштирилган лойиҳанинг аниқ ташаббускори аниқланди. Бу кластернинг лойиҳавий ғоясини ва уни амалга ошириш концепциясини бажарувчи “Energy X Group” МЧЖ қўшма корхонасидир.

Томонлар чиқиндиларни қайта ишлаш заводини қуриш учун умумий майдони 30 гектарга тенг бўлган ер майдонини ажратиш масаласини муҳокама қилдилар. Aйни пайтда Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда кўп функционал кластерни яратиш учун барча зарур талабларга жавоб берадиган ер участкасини излаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Учрашув якуни бўйича ўрта муддатли истиқболга ҳаракатлар дастури, жумладан, иш режасини ишлаб чиқиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлаш учун маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда жорий йилнинг июль ойида Италия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи масаласини ишлаб чиқиш режалаштирилди.