×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбек – афғон ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон томонига эса Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдул Ғани Барадар бошчилик қилди.

Учрашув чоғида томонлар инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.

Афғон томони мамлакатда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

«Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, мавжуд барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон компанияларини инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Яқин келажакда ўзбек – афғон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Шунингдек, томонлар яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув чоғида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари алоҳида йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурдилар ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида икки томонлама муносабатларни кенгайтириш устуворлигини таъкидладилар ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги тадбирларни белгилаб олдилар.

 

Манба: mift.uz