×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Халқаро инвестиция шартномалари: хорижий инвесторларни жалб қилиш учун ҳуқуқий асос

Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги билан бир қаторда инвестицияларни рағбатлантириш ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатлар ўртасида имзоланган халқаро шартномалар хорижий инвестицияларни жалб этишда муҳим ва баъзан асосий ролни ўйнайди ҳамда инвестиция қарорини қабул қилиш жараёнида инвесторлар учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.

Бунинг сабаби шундаки, халқаро шартномаларда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалар, миллий қонун нормаларига нисбатан тўғридан-тўғри ҳаракатга ва устувор аҳамиятга эга бўлиб, давлат томонидан ҳуқуқий тартибга ўзгартириш ёки бошқа чораларни қабул қилишда барқарорлик элементини киритади.Халқаро шартномалар хорижий инвестор учун кафолатларнинг қўшимча ҳимояси бўлиб хизмат қилади ва адолатли, тенг ҳуқуқли тартибни таъминлаш орқали инвестицияларни қабул қилувчи мамлакатларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рағбатлантириш учун мўлжалланган ҳамда хорижий инвесторларни ҳимоя қилишнинг стандарт кафолатларини таъминлаш, тегишли компенсациясиз шахсий мулкдорларнинг мол-мулкини мажбурий равишда бегоналаштиришни олдини олиш, зарарни қоплаш, шунингдек камситувчи муомаладан ҳимоя қилиш, низоларни ҳал қилиш учун халқаро арбитражни жалб қилишга қаратилган ва бошқа афзалликлари мавжуд.

Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва алоҳида хорижий инвестор ўртасида инвестиция шартномалари тузилишини сезиларли даражада қисқартирмоқда.

Ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Европа, МДҲ, Осиё ва Африка, Осиё – тинч океани минтақаси мамлакатлари ҳамда Америка қитъаси билан 52 та икки томонлама инвестиция шартномаларини имзолаган.

Сиз Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш соҳасида тузилган икки томонлама шартномаларнинг тўлиқ рўйхати билан Инвестиция порталимизда танишишингиз мумкин.