×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда UzCharmExpo 2022 халқаро кўргазмаси очилди

Жорий йилнинг 25 май куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан ташкил қилинган Марказий Осиёдаги энг йирик кўргазма тадбирларидан бири ҳисобланган “UzCharmExpo – 2022” чарм – пойабзал, чарм – атторлик буюмлари, мўйна ва жуннинг 12-Халқаро кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Кўргазманинг очилиш маросимида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзчармсаноат” Уюшмаси раҳбарияти, хорижий меҳмонлар, тадбиркорлар, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқлардаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар қатнашди.

Мамлакатимизда хом ашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш орқали тармоқларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсадида маҳаллий саноатни трансформациялаш бўйича изчил сиёсат олиб борилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистоннинг чарм-пойабзал саноати барқарор ўсиш учун улкан салоҳиятга эга бўлган энг тез ривожланаётган тармоқлардан биридир. Чарм хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп тайёр маҳсулотлар ҳажми ва ассортименти кенгаймоқда. Мавжуд ишлаб чиқариш объектларининг бир маромда ишлашини таъминлаш ва ишлаб чиқарувчиларни янги лойиҳаларни амалга оширишга рағбатлантириш мақсадида ушбу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Сўнгги 5 йил ичида соҳага киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 632 миллион доллардан ошди, йиллик чарм ва пойабзал ишлаб чиқарилиши 5,8 баравар кўпайди ҳамда экспорт ҳажми 420 миллион долларга етди.

Анъанага кўра, экспозиция географияси Россия, Белорусия, Буюк Британия, Италия, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Испания, Польша ва бошқа мамлакатларини қамраб олди. Фахрий меҳмонлар орасида Халқаро чарм ишлаб чиқарувчилар кенгаши, Халқаро мўйна федерацияси, хорижий тармоқ ассоциация ва уюшмалари раҳбарлари бор. Бу йил кўргазмада иштирок этиш учун 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий компаниялар вакиллари мурожжат қилди. Замонавий дизайнга эга кўргазма павильонлари тармоқларнинг улкан имкониятларини ўзида акс этади, ва, энг муҳими, маҳаллий ва хорижий саноат ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформага айланмоқда.

UzCharmExpo ўз иштирокчи ва меҳмонларини нафақат турли ҳудудлардаги саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан таништиради, балки янги муносабатларни ўрнатмоқчи бўлган тадбиркорларни ҳам таклиф этади. “B2B” ва “G2B” музокаралари, бевосита мулоқот ва тақдимотлар формати манфаатлар кесишадиган нуқталарни кашф этишга, янги лойиҳаларни ишлаб чиқишга ва жойларда шартномалар имзолашга имкон беради, ва бу шубҳасиз тадбирнинг якуний натижаларида ўз аксини топади. Аммо ҳозирча UzCharmExpoни 27 майгача бўлган 3 кунлик сермаҳсул фаолият кутмоқда.

 

Манба: mift.uz