×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Инвестициялар, савдо ва транспорт соҳаларида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Покистон инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида фаол ҳамкорликни давом эттирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довудхон билан видеоконференция шаклида бўлиб ўтган музокараларда ушбу соҳаларда ҳамкорликнинг долзарб масалалари, икки томонлама битимларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, олий даражада режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” йўналишидаги транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Қатор халқаро молия институтлари ва хорижий ҳамкорларнинг дала экспедицияларини ўтказишда ёрдам кўрсатиш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш орқали ушбу лойиҳада иштирок этишга қизиқиши таъкидланди. Лойиҳа амалга оширилишига оид тасдиқланган “Йўл харитаси”ни жорий этиш доирасида икки томонлама ҳамкорлик юзасидан навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Томонлар ўзаро савдони фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Жумладан, ташқи савдо ва логистика операцияларини амалга оширишда божхона, транспорт ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларининг соддалаштирилган механизмларини жорий этишни назарда тутадиган Имтиёзли савдо тўғрисида ҳамда Савдо ва транзит тўғрисидаги битимларни шу йилнинг июль ойида имзолаш учун келишишни тезлаштиришга келишиб олди.

Ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишнинг аҳамияти ва истиқболлари қайд этилди. Шу мақсадда томонлар жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Покистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишини ҳамда ҳар икки мамлакатнинг етакчи ишбилармон доиралари иштирокидаги Бизнес-форумни ўтказишга келишди.

Музокаралар якунида кун тартибидаги асосий масалалар бўйича келишувга эришилди ва яқин келажакда биргаликда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар йўналишлари белгиланди.