×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Россия ўртасида II-Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига ташрифи арафасида Москва шаҳрида бевосита ва онлайн шаклда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги II-Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

Тадбирда 800 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, вилоятлар, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, бизнес уюшмалари раҳбарлари, йирик компаниялар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.

Форумнинг мақсади Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқалари ҳамда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш учун ягона макон яратишдан иборатдир.

Тадбир дастури ўз ичига олган ялпи мажлисда Россия Федерацияси Президенти В.В.Путин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.M.Мирзиёевлар иштирокчиларга видеомурожаатлар йўлладилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетниковлар сўзга чиқиб, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда қўшма ҳудудлараро лойиҳалар ва ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Шу йилда 50 дан ортиқ ўзаро ташрифлар амалга оширилгани қайд этилди. Жумладан, сўнгги ойларда Ўзбекистон Республикаси барча 14 та ҳудудларининг раҳбарлари Россия Федерациясининг 42 та субъектига ташриф буюрдилар. Ҳамкорликнинг бундай шакли ўзини кенг кўламдаги йўналишларда шериклик салоҳиятини ўрганиш ҳамда аниқ ҳудудлараро лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқишнинг самарали усули эканлигини исботлади.

Тадбир доирасида алоҳида мавзуларда сессиялар ташкил этилиб, уларда икки мамлакат ҳудудлари ўртасида иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий ривожланиш, рақамли технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини кенгайтириш ҳамда туризмни ривожлантиришга оид муҳим мавзулар кўтарилди.

Икки мамлакат ҳудудларининг раҳбарлари яқин ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича навбатдаги режаларини батафсил очиб бердилар. Шунингдек, улар истиқболли соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни жорий этишга оид конструктив ташаббуслар ва аниқ таклифларни илгари сурдилар. Икки мамлакат бозорларини харидоргир рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, шунингдек, товарларни учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш мақсадида қўшма юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларни яратиш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, кенг кўламли тармоқ ва йўналишларда саноат кооперациясини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, тадбир давомида Россия ва Ўзбекистон ҳудудий маъмуриятлари раҳбарлари ўртасида бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилди ҳамда аниқ лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Форум доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар якунида умумий қиймати 9 млрд долларга тенг 600 тага яқин икки томонлама битимлар, жумладан, 7,4 млрд долларлик 141 та инвестициявий лойиҳа ва 1,6 млрд долларлик 455 та экспорт шартномаси имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган қўшма Лойиҳа офиси инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилишини тўлиқ кузатиб боради ва қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари маъмуриятлари истиқболли тармоқларда 75 та янги инвестиция лойиҳаси устида иш бошлаши маълум қилинди.

Тадбир давомида металлургия, энергетика, кимё, электротехника, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, сув хўжалиги, нефть-газ тармоғи ҳамда банк-молия соҳаси каби ҳамкорлик йўналишларида бир қатор келишувларга эришилди.

 

https://mift.uz/