×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши борасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокара жараёнининг ҳозирги ҳолати ҳамда бу борадаги ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Сянчэнь Чжан Ўзбекистон Раҳбариятининг мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнини фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг ташаббускорлиги туфайли Ташкилот билан ҳамкорлик жадал тус олди. Шунингдек, у жорий йилнинг август ойида янги лавозимни эгаллаганидан бери ташриф буюрган биринчи мамлакат Ўзбекистон эканини таъкидлади.

Ўзбекистон учун ЖСТга аъзо бўлиш мамлакатни кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашга қаратилган устувор масала ҳисобланади.

Мамлакат Ҳукумати савдо-сотиқни эркинлаштириш, ЖСТ битимлари тамойиллари ва қоидалари асосида ташқи савдони ислоҳ қилиш тизимларини модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича жаҳоннинг энг яхши амалиётларини жорий этишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттиришга содиқ эканлиги таъкидланди.

Томонлар жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини ўтказиш бўйича ҳамкорликнинг амалий масалаларини муҳокама қилдилар. Ташкилот раҳбарияти ушбу тадбирни ўтказишда ва умуман Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Зарур ҳужжатларни тайёрлашда ЖСТ Котибияти ва унинг халқаро экспертлари томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган техник ёрдамни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар музокара жараёни билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш юзасидан биргаликдаги ишларни фаоллаштиришга ўзаро тайёрлигини билдирдилар.

 

https://mift.uz/