×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

1 июндан бошлаб давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлайди

Давлат захираси учун буғдойнинг харид нархи икки бараварга – 1,55 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача оширилади.

1 июндан бошлаб давлат ғаллани бозор нархларида сотиш ва сотиб олишни бошлайди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев дон харид қилишни ислоҳ қилиш бўйича йиғилишда маълум қилди.

Президент жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда, бу йил бошига нисбатан 30 фоизга қиммат.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бозордаги таклифни ошириш – фермерлар манфаатини таъминлаш зарур. Фермер ва кластерларнинг биржада ғалла сотиши учун барча шароитлар яратилади, дея қўшимча қилди президент.

“Ўздонмаҳсулот” ҳам, хусусий корхоналар ҳам биржа орқали ғаллани бозор нархларида сотиб олади – айланма маблағларини тўлдириш учун уларга 800 миллиард сўм ажратилган. Келгусида давлат захирасига дон сотиб олиш ҳам биржага ўтади.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ҳар ойда талабдан келиб чиқиб, аввал сотиб олинган 1 миллион 783 минг тонна донни сотишни бошлайди.

Давлат буғдойнинг харид нархини деярли икки баробарга – 1,55 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача оширади. Июл-август ойларида биржадаги ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ижобий фарқ тўланади.

Масалан, август ойида бир тонна доннинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермер яна 500 минг сўм олади. Бу мақсадлар учун 6 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Икки ҳафта муддатда барча дон ишлаб чиқарувчиларни биржада рўйхатдан ўтказиш топширилди. Улардан бу мавсумда айирбошлаш тўловлари олинмайди.

Бундан ташқари:

  • фермерлар ихтиёрида қоладиган 500 минг тонна буғдой дон хўжаликларига вақтинча сақлашга қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб биринчи марта фермер ва кластерларнинг ўзлари бозор нархларида сотувга чиқарилади;
  • ғалла етиштириш хўжаликларида 500 минг тонна буғдойни вақтинча сақлаш харажатларини давлат қоплайди, бунинг учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилади;
  • фермер ва кластерлар томонидан етиштирилган ортиқча ғаллани сотиш истаги пайдо бўлса, улар давлат ва хусусий ғалла корхоналарига келишилган нархларда сотадилар.

Жорий ҳосилни йиғиб олиш учун давлат томонидан жами 7,6 триллион сўм ажратилади. Ушбу пулнинг манзилга ажратилиши, нон ва ун бозоридаги вазият ҳар куни назорат қилинади.

Мирзиёев ғалланинг ҳақиқий эгалари фермер ва кластерлардир, деди. Шу сабабли, озуқада чорвачилик ёки паррандачилик зарурлигини баҳона қилиб, улардан уни олиб қўйиш тақиқланади.

Донни биржа орқали сотишга маҳаллий чекловлар қўйилмаслиги керак – уни исталган ҳудуддаги корхоналарга тўсиқсиз етказиб беришни таъминлаш керак. Ҳокимлар уни чекка ҳудудларга етказиш харажатларини қоплашлари шарт.

1 августга қадар 20 та ғаллачилик корхонасидаги давлат улушларини сотувга қўйиш топширилди. Улар қошида ташкил этилган новвойхона ва дўконлар реестрга киритилади, шунингдек, ким ошди савдосига қўйилади.

Ҳудудлар раҳбарлари ун ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун шахсан масъул, деди Президент. Унга кўра, уларни ишлаб чиқаришни қисқартириш ёки нархларни асоссиз равишда ошириш саботаж сифатида баҳоланади.

 

Манба: www.spot.uz