×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10
+998 (71) 238-50-69

Франция бизнес вакиллари Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилишдан манфаатдор

Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва «MEDEF International» француз корхоналари ҳаракати ҳамкорлигида ташкил қилинган вебинарда савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбирда Франциянинг «Airbus», «Adeo», «Air Liquidе», «BPI France», «Credit Agricole», «Suez», «Fives», «Idemia», «Orano», «Rothschild&CIE», «Total-Eren» каби молия ва саноат секторларида фаолият юритувчи, консалтинг хизматлари тақдим этувчи, шунингдек, мамлакатнинг инвестиция ва тижорат билан шуғулланувчи 50 га яқин компания вакиллари, Франция Тараққиёт агентлиги (ФТА) мутасаддилари иштирок этди. Вебинарда Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Изабель Сервоз-Галлуччи ҳам қатнашди.

Видеоконференция чоғида коронавирус пандемиясининг мамлакат макроиқтисодий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш, ҳамкорликни ривожлантириш ва ҳозирги мураккаб шароитда франциялик шериклар билан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган қатъий чораларга алоҳида эътибор қаратилди.

«MEDEF International» Ўзбек– Француз ишбилармонлик кенгаши раиси Кристоф Фонтен коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистоннинг мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.У франциялик шериклар юзага келган вазиятга қарамасдан Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади. Жорий йилнинг апрель ойида ташкил этилиши режалаштирилган Франция бизнес доиралари вакилларидан иборат делегациянинг ташрифи қолдирилгани боис ушбу сафарни йил якунига қадар амалга оширишга тайёр экани қайд этилди.

Томонлар пандемия даврида қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиш жараёни, шунингдек, унинг сармоявий ҳамкорликка таъсири тўғрисида фикр алмашдилар.

Тадбир якунида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини илгари суришга келишиб олинди. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида видеоконференция орқали тўғридан-тўғри муҳокамалар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.