×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги инвестиция фаолияти муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция тарзида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида инвестиция фаолиятининг бугунги ҳолатини ва соҳадаги долзарб вазифаларни ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари ҳамда юқоридаги икки ҳудуд тадбиркорлари иштирок этди.

Масъул раҳбарлар томонидан саноатни ривожлантиришни рағбатлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспортни ошириш ва ушбу ҳудудлардаги туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари кўриб чиқилди. Олдиндан кўрилган чора-тадбирлар туфайли Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 3,2 трлн сўмлик 256 янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилгани, бунинг натижасида 18,6 мингта янги иш ўрни яратилаётгани маълум қилинди. Бунга кўп жиҳатдан маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва янги бизнес ташаббусларини амалга оширишда уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида мамлакат вилоятлари ҳокимликларини Қорақалпоғистон Республикасининг туман ва шаҳарларига бириктириш механизми туфайли эришилди. Ушбу механизмни жорий этиш бўйича тўпланган тажрибани Хоразм вилоятига ҳам ёйиш топширилди.

Йиғилишда қорақалпоғистонлик тадбиркорлар лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги тажрибаси ва фаолияти давомида дуч келган муаммолар ҳақида сўз юритдилар. Кўтарилган барча масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларни жалб этган ҳолда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш механизмлари ишлаб чиқилди.

Худди шу тартибда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг туман ва шаҳарларига бириктирилган мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти ўрганилди. Дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу ҳудудларда хорижий инвесторлар иштирокида 2021 йилда 766,2 млн. долларлик 83 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши бошлаб юборилган. Хорижий инвесторларни жалб қилиш ва маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу ҳудудларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида дипломатик ваколатхоналар вакилларига ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш топширилди.

Алоҳида тартибда 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида давлат ва ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида бу йил Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 2,7 трлн. сўмлик 731 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилгани, бунинг натижасида 13,6 минг янги иш ўринлари яратилиши, Хоразм вилоятида эса умумий қиймати 4,6 трлн. сўмга тенг бўлган 695 та лойиҳа жорий этилиши ҳисобига 14,8 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши маълум қилинди. Вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига ҳар бир лойиҳанинг бажарилишининг самарали мониторингини олиб бориш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида тадбиркорлар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни зудлик билан аниқлаш ва ҳал қилиш мақсадида идоралараро ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.

 

mift.uz