×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси

6-ноябр куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишнинг тантанали маросими бўлиб ўтди.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари қасамёд қабул қилгач, мамлакатимизни келгуси беш йилга мўлжалланган устувор ривожлантириш йўналишлари хусусида маъруза қилди.

– Биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик.

Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Қайд этилишича, мазкур стратегия етти йўналишдан иборат.

Биринчидан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилади.

Бу борада, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтирамиз. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади.

Жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради.

Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади.

Бундан ташқари, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади.

Навбатдаги муҳим вазифамиз – марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишдан иборат. Бунинг учун, энг аввало, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг тартиби, уларни бир-биридан фарқлаб турадиган мезонлар, таркибий тузилма ва штатларни белгилашга оид аниқ талаблар ишлаб чиқилади. Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувларни жорий этиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечамиз. Бунда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади.

Айни вақтда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этилади. Кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилинади, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади.

Бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилади.

Шу муносабат билан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”. Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт.

Улуғ аждодларимиз айтганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак. Агар қайсики раҳбар даврнинг бу ўткир талабини тушунмаса, уларни энди халқимиз ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам қабул қилмайди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар алоҳида муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади.

Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига, содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур.

Бу борада олдимизда турган яна бир муҳим масала – Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келди, деб ўйлайман.

Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади. Шу мақсадда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ишлари жадаллаштирилади.

Жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтиришга доир долзарб вазифалар амалга оширилади.

Мамлакатимизда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда.

Албатта, бундай очиқлик ва ошкоралик шароитида ишлаш, ўз фаолиятига нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин, бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз.

Шу мақсадда амалдаги қонунчиликда давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва Президент ҳимоясида бўлади.

Иккинчидан, адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартидир.

Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилди.

Айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.

Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.

Биз мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қиламиз. Бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳолаймиз.

Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади.

Яна бир муҳим масала – сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бормоқда.

Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади.

Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, коррупция балосига қарши фақат давлат-ҳуқуқий чоралар билангина курашиб бўлмайди. Бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунинг учун фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ва амал қилиш ҳиссини шакллантириш – боғча ва мактабдан тортиб олийгоҳгача, барча таълим муассасаларининг, ҳар бир оиланинг биринчи навбатдаги вазифаси бўлиши керак.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Барча номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат.

Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак.

Учинчидан, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифаларимиздан биридир.

Мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни мақсад қилганмиз.

Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантирамиз.

Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилади.

Шунингдек, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз.

Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Эркин рақобатга асосланган бозорни яратиш ҳисобидан аҳоли ва тадбиркорлар энергия ресурслари билан кафолатли таъминланади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимоя соҳасида бошқарув тизими ислоҳ қилиниб, ижтимоий хизматларнинг сифати яхшиланади ва кўлами кенгайтирилади.

Энг муҳим масалалардан бири сифатида уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш доимий эътиборимиз марказида бўлади. Ушбу йўналишда қабул қилган дастурларимиз, жумладан, арзон уй-жойлар дастури асосида сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир.

Ана шундай ишларимиз кўламини янада кенгайтириб, келгусида ҳудудларимизда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этамиз. “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари изчил давом эттирилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Биз учун стратегик тармоқ бўлган қишлоқ хўжалиги самарадорлигини тубдан ошириш ва уни диверсификация қилиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кластер асосида қайта ишлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифамиз бўлиб қолади.

Қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш ислоҳотларимизнинг асосий йўналишини ташкил этади. Шу мақсадда фермер ва деҳқонлар даромадини 2 баробар кўпайтириш учун зарур шароитларни яратамиз, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатини камида 5 фоизга етказамиз.

Тўртинчидан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак.

Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади.

Бу борада, аввало, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаймиз. Мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилади. Барча боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади.

Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.

Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини оширишга бирламчи вазифа деб қараймиз.

Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш билан бирга, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошлаган ишларимизни жадал давом эттирамиз.

Тараққиёт стратегиямизда халқимиз саломатлигини таъминлаш бундан буён ҳам бош вазифа бўлиб қолади. Ушбу соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Асосий мақсад – тиббиёт соҳасини чинакамига халқ дардига дармон бўладиган, юқори самара билан ишлайдиган тизимга айлантиришдан иборат.

Тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш чоралари кўрилади.

Бунда ахборот технологияларини жорий этиш ҳисобидан коррупция ҳолатларининг олдини олиш, энг муҳими, аҳолини рози қилиш асосий вазифамиз бўлади.

Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилади.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш – биз учун муҳим йўналиш бўлиб қолади. Бунда биз аввало аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқчил спорт тизимини тушунамиз.

Шу мақсадда барча шаҳар ва туманларда оммавий спортни ривожлантиришга, жумладан, спорт майдончалари, пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар, экопарклар, таълим даргоҳларидаги спорт залларидан иборат спорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун спорт мактабларини кўпайтирамиз ва янги спорт объектларини барпо этамиз. Бу борада Олимпия ўйинларига киритилган ҳар бир спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилади.

 

Азиз дўстлар!

Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш – халқимизнинг азалий қадриятидир. Ана шундай ноёб фазилатни асраб-авайлаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бугунги глобаллашув даврида, пандемия ва иқтисодий инқироз ҳукм сураётган оғир бир шароитда дунёнинг айрим ҳудудларида кексалар ўз муаммолари гирдобида ёлғиз қолиб кетаётгани ҳам сир эмас. Шунинг учун муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур. Токи бу ҳурматли инсонлар ўзларининг оила ва жамият ҳаётида муносиб ўрни борлигини доимо ҳис қилиб яшасинлар.

Шу мақсадда ўтказилаётган, нуронийларимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, умуман, ҳар бир туманда фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга оширсак, айни муддао бўлади.

Жамиятимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу тизим амалда ишлаши ва ушбу тоифадаги инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этишлари зарур.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Маълумки, юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тураржой билан таъминлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига жиддий эътибор қаратилмоқда.

“Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда яшаётган болаларни оилага яқин муҳитда, билимли ва касб-ҳунарли этиб тарбиялаш учун “Меҳр дафтари” доирасида бошлаган ишларни изчил давом эттириш барчамизнинг бурчимиздир.

Бу борада олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Кейинги уч ой давомида олижаноб инсонлар томонидан ана шундай даргоҳларда тарбияланаётган ўнлаб болалар фарзандликка қабул қилинди.  Шу туфайли 3 та “Меҳрибонлик уйи”, 1 та “Болалар шаҳарчаси” ўз фаолиятини тугатгани айниқса эътиборлидир.

Ўзбек халқининг юксак инсоний фазилатларини намоён этаётган ана шундай меҳр-шафқатли, болажон ва бағрикенг юртдошларимизга, болалар уйларини оталиққа олиб, эзгу ишларни амалга ошираётган саховатли тадбиркор ва зиёлиларга, Миллий гвардия ходимларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.

Ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этмоқдалар. Ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётгани сизларга яхши маълум. Шу боис хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қиламиз.

Навқирон ёшларимизни, айниқса, қизларимизни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.

Биз хорижий давлатларда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қиламиз. Хусусан, “Ватандошлар” жамоат фонди орқали чет элларда яшаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилалари билан алоқалар кенгайтирилади. Ҳамюртларимизни она тилимиз, маданият ва урф-одатларимиз асосида жипслаштириш, уларнинг билим ва салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш бўйича ишлар давом эттирилади.

Бешинчидан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар билан бирга, маънавий ва маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишда ана шу иккита мустаҳкам устунга, яъни, бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиётга ҳамда аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этадиган кучли маънавиятга таянамиз. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепциясини амалга оширамиз.

Миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини ошириш, маданият ва санъатни юксалтириш билан боғлиқ вазифалар доимий кун тартибимизда туради.

Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, “жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият берамиз.

Сизларга маълумки, Ўзбекистон – улкан имконият ва бойликларга эга мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани, фидокорона меҳнати билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани айниқса қувонарлидир.

Биз бундай бебаҳо бойлик билан ҳақли равишда фахрланамиз ҳамда давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини, мамлакатимиздаги дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга йўналтирамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти сифатида шуни алоҳида таъкидлаб айтаман: бизнинг давлат сиёсатимизда бундан буён ҳам барча миллат ва элат вакилларининг миллий ўзлигини, она тили ва маданиятини, дини, урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга устувор аҳамият берилади.

Олтинчидан, бугунги кунда инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келмоқда ва уларга ечим топиш ниҳоятда долзарб бўлиб қолмоқда.

Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланади.

 

Бундай муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, келажагимиз қиёфасини белгилайдиган глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарурлигини англатади.

Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади.

Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда. Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш керак.

Шу йил август ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференцияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорларимиз билан зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Еттинчидан, мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш устувор мақсадимиз бўлиб қолади.

Дунёда ва минтақамизда вужудга келаётган бугунги мураккаб ва таҳликали вазиятда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек шарафли ишга бағишлаган, халқимиз фахрига айланган жасур ҳарбийларимизнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини кучайтириш долзарб вазифамиздир.

Ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун биз барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз.

Биз прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги муносабатларимизни янада ривожлантирамиз.

Энг аввало, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини тобора кучайтириш бундан буён ҳам асосий мақсадимиз бўлади.

Минтақамизнинг ажралмас қисми, яқин қўшнимиз бўлган Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш, бу мамлакатда иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик учун афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатамиз. Биз Афғонистон билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдормиз.

Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва дунёнинг барча минтақаларидаги шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор берамиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари, Парламентлараро иттифоқ, халқаро молиявий институтлар ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан кўп томонлама муносабатларни янги, амалий маъно-мазмун билан бойитамиз.

Биз – дунёга, дунё – бизга очиқ бўлиши керак. Бугунги ҳаёт, бугунги тараққиётнинг талаби ҳам аслида шу. Биз ана шу ҳал қилувчи тамойилни албатта ҳаётимиз қоидасига айлантирамиз.

 

Азиз ва қадрли юртдошларим!

Биз ўтган беш йил давомида, ғоят қийин ва мураккаб синовлар даврида катта тажриба орттирдик. Қанчалик оғир бўлмасин, маррани баланд олиб яшаш ва ишлашга ўргандик. Табиийки, маррани катта олган халқнинг қадамлари ҳам, эришадиган натижалари ҳам салмоқли бўлади.

Миллий ривожланиш йўлида орттирган тажрибамиздан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар, минтақа ва ҳудудлар, хусусан, ҳар бир маҳалла бўйича ўз олдимизга янада юксак вазифалар қўймоқдамиз.

Ҳаммамиз кўриб турибмиз – бугун замон жуда тез, мислсиз шиддат билан ўзгармоқда. Шунинг учун биз ислоҳотларимиз суръатини асло пасайтирмасдан, фақат олдинга боришимиз, ҳар бир соат, ҳар бир кундан унумли фойдаланишимиз керак. Чунки, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидек, “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади”.

Мана шу доно ҳикматни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим: Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни деб биламан. Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ.

«Сиз, қадрли ватандошларимнинг чин дилдан қўллаб-қувватлашингиз, нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуолари, азиз ёшларимизнинг ишончи менга катта куч-ғайрат беради. Шу боис сизлар билан, халқимиз билан бирга меҳнат қилишдан ҳеч қачон чарчамайман» деди Шавкат Мирзиёев сўзи якунида.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси ниҳоясига етди.

 

https://president.uz/