×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Мамлакатлар раҳбарлари: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлашини 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилмокда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 декабрь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди, шу жумлада сиёсий мулоқотни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди. Шунингдек, жаҳондаги вазият ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Икки мамлакат етакчилари олий даражадаги мунтазам учрашувлар ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда аниқ натижаларга эга катта ютуқларга эришилганини мамнуният билан қайд этишди.

Ҳозирги вақтда инвестициялар, инновациялар, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа устувор йўналишларда муҳим лойиҳа ҳамда дастурлар амалга оширилмоқда. Таъкидланганидек, кейинги бир неча йил ичида қўшма корхоналар сони уч бараварга ошди.

Учрашув чоғида ўзаро савдонинг ортиши учун қулай шароитлар яратиш, бу йўлдаги техник тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олинди. Савдо-иқтисодий алоқаларда яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Самарали транспорт йўлаклари ва логистика инфратузилмасини шакллантириш, авиақатновларни тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, жумладан, Ҳиндистоннинг етакчи ташкилотлари илғор технологиялари, техник кўмаги ва имтиёзли молиявий ресурсларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, инновациялар, муқобил энергетика, фармацевтика ва тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, космик тадқиқотлар устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Икки мамлакат раҳбарлари Андижон вилояти ва Гужарат штатининг муваффақиятли шериклиги мисолида ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Юртимиз ҳудудларида “Аюрведа” ҳинд анъанавий тизими ва телемедицинани жорий этган ҳолда замонавий тиббиёт марказларини ташкил этиш таклиф этилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон йога федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

Учрашув доирасида иқтисодиёт, инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

https://president.uz/