×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

ОТБ қаттиқ маиший чиқиндиларни тозалашга $60 млн ажратди

Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2020 йилдаги «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 748-сон қарори қабул қилинди.

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг сифатли санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари билан таъминлаш мақсадида 2020 йил 17 апрелда ОТБ Директорлар кенгаши томонидан «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини молиялаштириш учун 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, 25 йил муддатга, $60 млн миқдорида кредит ажратилиши маъқулланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати эквивалентда – $112 млн, шундан Ўзбекистонда улуши – $52 млн, шу жумладан солиқ ва божхона тўловлари – $44,01 млн ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маблағлари – $7,99 млн ни ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йил (2020–2024 йиллар) этиб белгиланган.

Лойиҳа доирасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга «Тоза ҳудуд» ДУК учун 339 та махсус техника, 8 та мобиль лаборатория, 6 мингта контейнер етказиб берилади;
  • 13 та сервис марказлари ташкил этилади;
  • қўшимча 4 млн нафар аҳолига санитария тозалаш хизматлари кўрсатилади.

 Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек ОТБнинг қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан ижро этувчи орган ҳисобланади.

ОТБнинг қарзини узиш ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар «Тоза ҳудуд» ДУКнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;
  • ОТБнинг асосий қарзини қайтариш ва фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали;
  • «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;
  • Лойиҳани амалга ошириш натижасида республика ҳудудларини санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари.

https://www.norma.uz/