×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб вазифалари кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Хитой Халқ Республикаси (ХХР) билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича видеоконференция орқали йиғилиш ўтказди.

Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги дипломатик миссияси ва Бош консулликлари раҳбарияти иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро муносабатларни ва инновацион тажриба алмашишни кенгайтиришга оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил февраль ойида Хитойга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган икки томонлама келишувларни сифатли ва ўз вақтида бажариш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарларига миллий иқтисодиётни ривожлантиришда Хитой Халқ Республикасининг саноат ва инновацион салоҳиятидан фойдаланиш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Қисқа муддатда саноат тармоқларига илғор Хитой саноат технологиялари ва инновацион ишланмаларини жорий қилиш орқали инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича манзилли «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади. Шунингдек, Хитой ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқлари салоҳиятини муҳокама қилиш учун Хитойнинг етакчи компаниялари ва ишлаб чиқариш холдингларини Тошкент Халқаро инвестиция форумида иштирок этишга жалб қилиш бўйича тегишли ишларни олиб бориш топширилди.

Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хитой импорти таркибини таҳлил қилиш ва унинг бозорига юқори талабга эга сифатли ва рақобатбардош маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбариятига техник жиҳатдан тартибга солиш стандартларини уйғунлаштириш ва мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш орқали Хитойга экспортни кенгайтириш бўйича алоҳида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, чакана савдо қилиш учун махсус онлайн савдо майдончаларини яратиш орқали Хитой билан савдони ривожлантиришга эътибор қаратиш топширилди.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига икки мамлакат ўртасида юк ташиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек, юборилаётган юкларни тўсиқсиз етказиб беришни таъминлаш мақсадида хитойлик ҳамкасблари билан икки томонлама ишчи гуруҳлар ташкил этиш топширилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш соҳасида алоҳида кўрсатмалар берилди. Жумладан, ҳудудлар раҳбарлари тегишли хитойлик шериклар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб, қисқа муддатда Хитой Халқ Республикасининг иқтисодий ривожланган вилоятлари ва йирик шаҳарлари билан инвестициявий, саноат, савдо, инновацион ва маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича манзилли “Йўл хариталари»ни тузадилар.

Инновациялар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Стратегик ривожланиш агентлиги ва Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги раҳбариятига Хитойнинг илғор тажрибаларини жалб қилиш ва IT соҳаси, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда инновацион лойиҳаларни амалга оширишга доир тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш кун тартибига Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиши доирасида режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик кўриш, жумладан, ШҲТнинг бўлажак саммитини ўтказиш ҳамда Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон-ШҲТ” саноат зонасини ташкил қилиш билан боғлиқ масалалар киритилди. Тадбирларнинг ташкилий ва мазмунига доир долзарб вазифалар, шунингдек улар доирасида имзоланиши кутилаётган икки томонлама ҳужжатлар устида олиб борилаётган ишларнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларга уларга юклатилган вазифалар доирасида қўшимча кўрсатмалар берилди.

 

Манба:mift.uz