×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Сурхондарё вилоятининг йирик инвестиция лойиҳалари фаолияти ўрганилди

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Сурхондарё вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш, вилоятнинг инвестициявий, саноат ва экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, маҳаллий тадбиркорларини қийнаётган долзарб муаммоларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатиш учун ушбу ҳудудга жўнаб кетди.

Вилоят ишлаб чиқариш имкониятлари билан танишув гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Термез Натионал Cарпетс» МЧЖ дан бошланди. Бу йил ишга туширилган лойиҳанинг қиймати 236 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада Германия, Белгия ва Туркиядан олиб келинган ускуналар ўрнатилди. 250 га яқин мутахассис ишлайдиган заводнинг ишлаб чиқариш қуввати бугунги кунда йилига 4,5 миллион квадрат метр маҳсулотни ташкил этади.

Йўналишдаги яна бир йирик инвестиция лойиҳаси – 2,2 миллион доллар қийматидаги «Термиз-Агро-Импех» МЧЖ бўлди. Корхона йилига 300 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаради, уларнинг 80% экспорт қилинади. Бу эрда 45 киши иш билан таъминланган, ўзларининг музлатгичлари мавжуд.

Бундан ташқари, Ҳукумат комиссияси «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонасини қуриш бўйича ишларнинг боришини ўрганиб чиқди. Транспорт-логистика, хизмат кўрсатиш, ижтимоий хизматлар, савдо марказлари ва ишлаб чиқариш объектлари бинолари қурилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 750 млрд сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг декабр ойида 6000 нафар ходимни ёллаш билан объектни ишга тушириш режалаштирилган, улардан 3500 нафари аёллар ва ёшлардир.

Ташриф буюрилган объектларда бўлиб ўтган мулоқотда тадбиркорлар ўз муаммолари ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш бўйича таклифлари билан ўртоқлашдилар. Масъул раҳбарларга билдирилган барча масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш ва конструктив таклифларни республика даражасида комплекс қарорлар тайёрлашда инобатга олиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳукумат комиссиясининг ҳудуддаги фаолияти давом этади.

 

Манба: mift.uz