×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Тошкентда Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли ўсиш динамикаси қайд этилди – фақатгина жорий йилнинг саккиз ойи давомида 209 қўшма корхона ташкил этилди ва Россия капитали иштирокидаги Ўзбекистондаги корхоналарнинг умумий сони сўнгги уч йил ичида икки бараварга кўпайиб 2 мингтадан ошди.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни келишиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди – айни пайтда саноат кооперацияси соҳасида 5,8 млрд доллар миқдорида 104 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қўшма лойиҳалар кейинчалик учинчи мамлакат бозорларига сотилиши учун ҳар икки мамлакат ҳудудида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган. Шунингдек, янги натижадор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш орқали инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш учун устуворликлар белгиланди.

Россия Федерациясига олий даражадаги ташрифга тайёргарлик кўриш бўйича икки мамлакат вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича алоҳида келишувга эришилди. Шу нуқтаи назардан, бир қатор қўшма тадбирларни жумладан, Минтақалараро ҳамкорликнинг II Форуми, ХҲЮК ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Кўргазма-маданий марказининг очилиши, Москвада “Made in Uzbekistan” Миллий кўргазмаси, Таълим форуми ва Медиафорум ташкил этилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва бу борадаги фаол икки томонлама муносабатларни давом эттириш юзасидан конструктив фикр алмашилди.

Келишилган лойиҳалар ва ташаббусларни тезкор равишда татбиқ этиш ва амалга ошириш жараёнини ҳар ойда кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ишбилармон доираларини инвестициявий шерикликни ошириш имкониятлари ва икки томонлама савдо ҳажмини кўпайтириш механизмлари тўғрисида хабардор қилишга келишиб олинди.

Улар, шунингдек, меҳнат миграциясини тизимлаштиришнинг амалий механизмларини биргаликда ишлаб чиқиш ва ватандош-муҳожирларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва уларнинг Россия Федерациясида яшаш ва меҳнат фаолиятини олиб бориш шароитларини яхшилашга қаратилган тартибга солинган тизимни жорий этиш бўйича келгусида биргаликда иш олиб боришнинг зарурлигини таъкидладилар.

https://mift.uz/