×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Португалиянинг инвестиция ва ташқи савдо агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан жорий йилнинг 26 март куни Португалия инвестиция ва ташқи савдо агентлиги (AICEP Portugal Global) раҳбарияти ҳамда Португалия саноат уюшмаси (AIP) ва савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида Ўзбекистон хорижий инвестицияларини жалб этиш агентлиги ўртасида онлайн форматда музокаралар ўтказилди

Музокаралар икки ихтисослаштирилган бўлим ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва Ўзбекистон билан Португалия ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Учрашув давомида AICEP Portugal Global компаниясининг Бош директори Л. Кастро Энриқез хорижий инвесторлар учун инвестицион имкониятлар ва мамлакатнинг иқтисодий афзалликлари ҳақида тақдимот ўтказди.

Қайд этилишича, Португалия қулай географик мавқега эга бўлиб, у ҳам Европа бозорига, ҳам Aфрикадан Жанубий Aмерикага қадар португал тилида сўзлашадиган мамлакатларга киришни таъминлайди.

Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Португалия сиёсий ва ижтимоий барқарорлик бўйича дунёда 7-ўринда туради, ривожланган инфратузилмага эга ва логистика самарадорлиги кўрсаткичи бўйича 23-ўринда туради.

Португалия технологик хизмат кўрсатувчи етакчи давлатлардан бири сифатида тан олинган. Юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилишга қаратилган » Tech visa » дастури туфайли халқаро тажрибага эга мутахассислар Португалиядаги корпорациялар ва стартапларда қатнашмоқдалар.

Давлат томонидан қўллаб-қувватланиш ҳақида гапирадиган бўлсак, Португалия ишлаб чиқаришига сармоя киритишда, агар керак бўлса, солиқ имтиёзи, лойиҳани амалга ошириш учун молиявий кўмак берилиши мумкин ва иш ўринлари яратишда бир қатор солиқлардан озод қилинади ва субсидиялар берилади.

Ўз навбатида, хорижий инвестицияларни жалб етиш агентлиги раҳбарияти ҳам агентлик фаолияти, унинг хорижий инвесторлар иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистонда Португалия сармоядорлари узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш учун жозибадор шароит топа олиши алоҳида таъкидланди. Мамлакатимизда қулай сармоявий муҳит яратиш борасида фаол иш олиб борилмоқда: имтиёзлар ва преференсиялар берилмоқда, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмоқда, Ўзбекистоннинг янги солиқ тизими жорий этилмоқда, хусусий секторга эътибор қаратилган давлат активларини кенг миқёсда қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда.

AICEP Portigal Global Португалия компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг жозибали йўналишлар тўқимачилик, фармацевтика, чарм саноати каби йўналишлар деб номланди.

Томонлар икки мамлакат ишбилармонлари иштирокидаги бизнес-форум доирасида потенциал ҳамкорликни батафсилроқ муҳокама қилиш зарурлигини таъкидладилар. Лиссабонда режалаштирилган форумга қизиқувчи тадбиркорларни жалб этиш таклиф қилинмоқда.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишувга эришилди, шу мақсадда Португалия инвестиция ва ташқи савдо агентлиги (AICEP Portigal Global) ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида протокол ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Aгентлик ташаббуси билан жорий йилнинг май ойида Португалиянинг Инвестициялар ва ташқи савдо агентлиги ва Португалия саноат ассоциацияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади.