×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистонда инвестициявий ва ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришнинг янги механизми жорий этилади

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция шаклида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг мамлакат ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва амалга оширишнинг тубдан янги механизмини жорий этишга бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.

Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра мамлакатнинг инвестициявий ва ташқи савдо фаолияти кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестициялар ва экспортни жалб қилиш динамикасига ижобий таъсир этувчи омиллар белгиланди. Ҳудудий инвестиция дастурлари ижроси юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Инвестициявий лойиҳалар ва экспорт фаолиятини амалга оширишда тадбиркорларни амалий қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари белгилаб берилди. Бундан ташқари, маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширилишини молиялаштириш манбаларини аниқлаш, шунингдек, ишга туширилган корхоналар ва саноат объектларининг фаолияти мониторингини олиб бориш жараёнларига тизимли ёндашган ҳолда жалб этилган инвестициялар ва экспорт ҳажмини оширишнинг янги ишлаб чиқилган механизми йиғилишнинг асосий мавзуси бўлди. Мазкур механизм мамлакат туман ва шаҳарларининг иқтисодий ва саноат салоҳиятидан тўла фойдаланиш ҳамда уларнинг жадал ва бир меъёрда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган.

Янги меҳанизм доирасида барча 206 та туман ва шаҳар ҳокимликлари қошида лойиҳавий гуруҳлар ташкил этилади, улар фойдаланилмаган ер участкалари, бино ва иншоотлар, табиий ва инфратузилмавий ресурсларни назарда тутган ҳолда мавжуд ишга солинмаган имкониятларни таҳлил қиладилар. Ушбу таҳлил асосида лойиҳавий гуруҳлар туман ва шаҳарларни ривожлантириш стратегиялари ва концепцияларини ишлаб чиқадилар. Гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги қошида ташкил этилаётган Лойиҳа офиси томонидан амалга оширилади.

Ишлаб чиқилган стратегия ва ривожланиш концепциялари асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази мутахассислари муайян туман ёки шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда иқтисодий салоҳиятига мослаштирилган истиқболли инвестициявий таклифларни шакллантирадилар.

Инвесторлар ва лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини саралаш маҳаллий ҳокимият органлари томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ҳамда мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий компаниялар орасидан амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ресурсларини жалб қилиш орқали тадбиркорларга йирик лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятлари ҳам назарда тутилмоқда.

Янги механизмнинг амалиётга татбиқ этилиши муносабати билан вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъул раҳбарларига аниқ ва мақсадли вазифалар ҳамда зарур тушунча ва кўрсатмалар берилди. Янги механизмни жорий этиш чоғида мансабдор шахсларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинди.

Шунингдек, масъул раҳбарлар малакали маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда алоҳида ташкил этиладиган махсус курсларда таҳсил оладилар. Жойларда янги механизмни ҳаётга татбиқ этишда раҳбарлар фаолиятининг самарадорлиги махсус рейтинг орқали баҳоланади.

Йиғилиш якунида тегишли раҳбарларга инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланишнинг янги механизмини амалиётга жорий этиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди.

https://mift.uz/