×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30-январ куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан билан учрашди. Кун тартибида – савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда муносабатларни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасидаги ҳамкорлик ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалари.

Мулоқот чоғида ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш динамикаси таъкидланди. Унинг ҳажми 2022-йилда 15,7 фоизга ошиб, 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми бўйича етакчи бешталигига Германия, Литва, Италия, Полша ва Франция киради. Ўсиш тенденциялари, бошқа жиҳатлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг ГСП+ преференциялар тизимининг бенефициари мақомига эга бўлгани билан боғлиқ.  Европа Иттифоқи бозорига етказилган экспорт ҳажмининг ўтган йилга нисбатан қарийб 50 га ошгани ва диверсификация қилингани айнан шу мақом берадиган имтиёзлар билан боғлиқ.

Европа томонига мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида, хусусан, Иттифоқ томонидан молиялаётган “Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёнига кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали кўрсатилаётган техник ва маслаҳат ёрдами учун миннатдорлик билдирилди.

Алоҳида тартибда икки томонлама молиявий ва техник ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, ижросига 76 миллион евро ажратилган 2021-2024 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон бўйича янги кўп йиллик индикатив дастури кўриб чиқилди. Дастурнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, самарали давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлари Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар устувор йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кўп қиррали икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш ниятларини тасдиқладилар.

 

Манба: miit.uz