×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш йўллари белгилаб олинди

28 октябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Кенгаши раиси М.Мясникович билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлиги доирасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва муштарак вазифаларни ҳал этиш механизмлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни янада кенгайтириши учун қўшимча имкониятлар яратишга доир қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга содиқлигини билдирдилар.

Саноат кооперациясини ривожлантириш, савдо тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳасида меъёр ва стандартларни такомиллаштириш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, технологиялар билан алмашиш ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарблиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ЕИК билан ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқишга келишилди. Унда савдо, саноат, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартлари, энергетика, фармацевтика, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ЕИКнинг тегишли бўлинмалари ҳамда мамлакатимиз вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ чора-тадбирлари акс этади.

Шунингдек, томонлар ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг салоҳиятли инвесторларини саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Учрашув якунида белгиланган вазифаларни ҳал этиш ҳамда келишилган ташаббус ва ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш бўйича биринчи даражали тадбирлар белгилаб олинди.

 

https://mift.uz/