×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Германияда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи арафасида 15 январь куни Берлин шаҳрида «Буюк Ипак йўли мероси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприкдир» мавзусидаги халқаро илмий-маданий форум бўлиб ўтади, дея хабар беради ЎзЭОАВМА матбуот хизмати. 

Халқаро форум доирасида Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳасига оид китоб-альбомлар кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Президентнинг табрик сўзи битилган «Ўзбекистоннинг маданий мероси Германия коллекцияларида» иллюстрацияли китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтади. Айнан ушбу китоб-альбом Ўзбекистоннинг китоб чоп этиш тарихига замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда чоп этилган илк китоб сифатида киради, уни нафақат ўқиш, балки смартфонда 3D эффекти билан кўриш мумкин бўлади. 

Берлинда Германиянинг етакчи санъатшунос олимлари Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгард музейларидаги буюк ўзбек санъати коллекциялари ҳақида сўзлаб беришади. Улар орасидан Берлин этнология музейидаги Бухоро амирлиги коллекцияси, Гамбург амалий-декоратив санъат музейи тўпламидан Буён-Қулихон мақбарасининг дурдоналари, Берлин давлат кутубхонасидаги Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари, Ўзбекистон маданий-тарихий мероси экспонатлари Бумиллер тўпламида, шунингдек Штутгартдаги Линден музейи шарқий филиалининг ноёб коллекцияси ўрин олган. Бу Ўзбекистон маданияти ва санъати йўнилишидаги таниқли олимлар тақдимотининг бир қисми, холос.

Германия музейларидаги ўзбек коллекциялари ҳақида сўз борар экан, шарқий Ренессанс даврида яратилган қўлёзмаларнинг алоҳида аҳамияти борлигини таъкидлаб ўтиш керак. Ноёб китоблар Берлин Давлат кутубхонасида сақланмоқда. Улар ҳақида кутубхонанинг “Шарқ” бўлими раҳбари доктор Кристофер Раух сўзлаб  берди:

«Бу ерда тақдим этилган қўлёзмаларнинг айримлари тарихи ўзбек классиклари яшаган ва ижод қилган ҳудудларга бориб тақалади, баъзилари эса бевосита Ўзбекистондан олиб келинган. Масалан, XIX асрдан буён кутубхонада сақланаётган Мирзо Улуғбекнинг астрономик жадваллари. Ушбу қўлёзмада 38 юлдуз туркумига кирувчи 1018 юлдуз ҳақида маълумот берилган, шунингдек юлдуз йилининг узунлиги кўрсатилган».

«Ўзбекистоннинг амалий-декоратив санъати мероси бепоён ва хилма-хилдир, – дейди «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» видеоверсияси бошловчиси Шаҳноза Ғаниева. – Муайян тарихий сабабларга кўра унинг муҳим бир қисми бизнинг мамлакатимиз ташқарисига чиқиб кетган. Ўзбек санъатининг ажойиб коллекциялари Германиянинг Берлин, Дрезден ва Лейпциг музейларида сақланмоқда. Масалан, Германиядаги энг кўп ташриф буюриладиган Пергам музейида ислом дунёсининг асосий реликтлари ҳисобланган қўлёзма китоблари ва шарқ тамаддуни амалий санъати асарларининг қимматбаҳо намуналари тақдим этилган. Улар орасида Самарқанднинг қадимий шаҳри жойлашган Афросиёбнинг машҳур кулолчилик санъатидир”.

“Биз ўзбек санъати коллекциясига эга эканлигимиздан фахрланамиз, – дейди Пергам музейи таркибига кирадиган ислом санъати музейи директори ўринбосари доктор Уте Франке. – У катта эмас, лекин жуда катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эгадир».

Медиа-форум доирасида «Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг юраги» дея номланган тантанали кеча бўлиб ўтади, унга 150 қатнашчи ва меҳмонлар таклиф этилган, жумладан Германия сиёсатчилари, олимлари, ОАВ вакиллари,  маданият ва санъат соҳасида Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги тўғрисида натижаларни тақдим этади. Берлиндаги медиа-ивентнинг сўнгги тадбири – миллий услубдаги гала-кечки овқат бўлиб, унда меҳмонларга энг сара ўзбек таомлари тақдим этилади. Кечани ўзбек ижрочиларининг ёрқин концерт дастури безатади.