×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

UZЕХнинг рақобатчиси пайдо бўлди

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг (UZЕХ) электрон харидлар бўйича ХТ-Tender портали рақобатчиси пайдо бўлди. Мазкур платформада биринчи савдолар ҳам ўтказилди.

“XT-Xarid texnologiyalari” компанияси Молия вазирлигининг Ахборот-ҳисоблаш маркази томонидан Россиянинг “Тендер ПРО”си билан биргаликда яратилган бўлиб, у электрон давлат харидлари оператори-корхонасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи конкурсда ғолиб бўлди. Таъкидланишича, бу хизматлар сифатини ошириш ва электрон харидлар операторлари ўртасида рақобатни ривожлантиришга замин яратади.

Эндиликда харидорлар ва етказиб берувчилар электрон платформани танлаш имкониятига эга бўлиб, электрон савдолар ва конкурслар UZЕХда ҳам, tender.mf.uz да ҳам ўтказилиши мумкин. Муқобил тизимларнинг имкониятларини, хизмат кўрсатиш сифатини таққослаб, улар ўзларининг эҳтиёжларига мос келадиган электрон платформани танлаш ҳуқуқига эга.

Конкурс ва тендер савдолари балли ва энг паст нарх усулини қўллаш ёрдамида ўтказилади. Мижозлар мустақил равишда иккита баҳолаш усулидан бирини танлашлари ва талабгорларнинг таклифлари баҳоланадиган мезонларни аниқлашлари мумкин.

Улар қуйидагилардан иборат:

– миқдорий мезонлар (мутахассислар сони, бозордаги иш тажрибаси, нархи, етказиб бериш муддати ва бошқалар) тизим томонидан автоматик равишда баҳоланади;

– сифат (эксперт) мезонлари масофадан туриб ишлаши мумкин бўлган конкурс (тендер) комиссияси аъзолари томонидан баҳоланади.

Президентнинг 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига мувофиқ давлат буюртмачилари давлат харидларини фақат электрон шаклда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда конкурс ва тендер савдолари орқали амалга ошириши шарт.