×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

“Ўзбекнефтгаз”: Импорт ҳажми қисқартирилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқалар кенгайтирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги ПҚ-4812-сонли қарори ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида саноат қувватларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш, тармоқлараро кооперация алоқалари ва харидлар тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш ҳамда импортга бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич камайтириш йўналишида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-март ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Маҳаллийлаштириш дастурининг 7 та лойиҳа доирасида 295,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, режа 147 фоизга бажарилди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан тизим корхоналари эҳтиёжлари учун илгари импортдан келтирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектлари билан мутлақо янгича усулда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Айнан шу ишларнинг натижасида жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг импортни қисқартириш дастури доирасида 47,5 млн доллар эквивалентидаги (режага нисбатан 122,3 фоиз) импортни қисқартиришга эришилди.

Жумладан, 25,5 млн доллар (режага нисбатан 147 фоиз) маҳаллийлаштириш дастурида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг илгари импортдан харид қилинган қисми бўйича ва 21,6 млн доллар (101,7 фоиз) кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида “тармоқ-ҳудуд” принципи асосида бевосита ишлаб чиқарувчи ва сотиб олувчи ўртасида энг қисқа фурсатларда, ўртада бирор-бир воситачиларсиз алоқаларни йўлга қўйиш масаласига жиддий эътибор берилмоқда. Бунда республика ягона электрон кооперация портали, жамиятнинг расмий веб-сайтида харидлар, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларига бағишланган бўлимлар, шунингдек бошқа харид порталлари асосида ҳамкорлик жараёнлари ташкил этилмоқда.

Бунинг натижасида, 2022 йилнинг январь-март ойларида электрон кооперация портали орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ умумий қиймати 206,8 млрд сўмлик 472 та шартномалар имзолаган бўлиб, бунда республиканинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри бўйича жами 100 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қамраб олинган.

Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини ривожлантириш йўналишларида олиб борилаётган ишлар суръати кучайтирилиб, манзилли ишлар амалга оширилиб келмоқда.

 

Манба: ung.uz