×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Россия: шерикликнинг янги имкониятлари

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Москва шаҳрида Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашди.

Учрашув давомида кўп қиррали ҳамкорликнинг кенг кун тартиби, инвестициявий, савдо-иқтисодий, молиявий, техник, маданий-гуманитар соҳаларда мавжуд битимларни рўёбга чиқариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига бўлажак ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда унинг доирасида режалаштирилган тадбирларни, хусусан, Ҳудудлараро форум, Медиа – форум ҳамда Таълим форумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳукумат даражасидаги икки томонлама алоқаларнинг фаоллигига юқори баҳо бериб, ҳар икки мамлакат ишбилармон доираларининг барча устувор йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидладилар.

Мулоқот чоғида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янги йўналишларни қамраб олиш ва муносабатларни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 22-йиғилишининг муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди. Йиғилиш доирасида инвестициялар, савдо, транспорт ва транзит, минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларида муносабатларни янада чуқурлаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди ва ишлаб чиқилди.

Қўшма лойиҳалар портфелининг соҳавий диверсификациясини кенгайтириш ҳамда инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга икки мамлакат хусусий компанияларини жалб этишни рағбатлантириш юзасидан қўшма тадбирлар режалаштирилди.

Учрашув якунида ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган йўналишлари доирасида мувофиқлаштирилган ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

 

https://mift.uz/