×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон Буюк Британия билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни оширишни режалаштирмоқда

Жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Буюк Британия Давлат котибининг халқаро савдо бўйича ўринбосари (экспорт вазири) Майк Фрирни қабул қилди. Британия делегацияси таркибида Лондон Фонд биржаси ҳамда “Standard Chartered” ва “TheCityUk” молиявий корпорациялари вакиллари ҳам бор эди.

Учрашув чоғида инвестициялар, савдо ва саноат йўналишидаги Ўзбекистон-Британия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро савдо ривожидаги ижобий тенденцияларни мамнуният билан қайд этдилар. Жумладан, 2021 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 65 фоизга, Ўзбекистондан Буюк Британияга экспорт ҳажми эса 2,5 баравар ошди. Бунга мамлакатимиз Бирлашган Қиролликнинг Преференциялар Бош тизимининг кенгайтирилган схемасининг (“GSP Enhanced Framework”) бенефициари мақомини олиши катта ёрдам берди. Икки томонлама савдонинг ижобий динамикаси 2022 йилда ҳам давом этмоқда. Январь-апрель ойларида товар айланмаси кўрсаткичи ўтган йилдагисига нисбатан 68 фоизга, Ўзбекистоннинг Буюк Британияга экспорти эса 2,6 баравар ошди.

Ўзбекистонда экспортга йўналтирилган қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун британиялик инвесторларни жалб қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар учун «GSP Enhanced Framework» тизимининг имтиёзларидан самарали фойдаланиш бўйича тренинглар ва амалий семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.

Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Британия корхоналари сони 40 фоизга ошгани алоҳида таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик, биофармацевтика, тўқимачилик саноати, ахборот-коммуникация технологиялари ва “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Британиянинг янги компанияларини жалб қилиш доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шу нуқтаи назардан, томонлар жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Савдо ва саноат бўйича 26-Ўзбекистон-Британия Кенгашига (UBTIC) тайёргарлик кўриш бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Тадбир икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий шерикликнинг янги “ўсиш нуқталарини” белгилаш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг истиқболли тармоқларига Британия инвестициялари ва технологияларини жалб этиш имконини беради.

Учрашув якунида ўзаро муносабатларнинг кўриб чиқилган ҳар бир йўналиши доирасида келгусида ҳамкорлик қилиш йўллпари белгиланди.