×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Корея кўп томонлама ва стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёр

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Корея Республикаси Президенти ҳузуридаги Шимолий иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси раиси Пак Чон Су билан музокаралар ўтказди.

Учрашув чоғида икки томонлама кун тартибининг долзарб масалалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг декабрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси муҳокама қилинди.

Корея делегацияси томонидан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига, хусусан, 2017 йилда Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин Корея Республикасининг шимолидаги давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида таклиф этган «Янги Шимолий сиёсати» доирасида кўп томонлама шерикликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон томони жорий йилда “Янги Шимолий сиёсат” доирасида Корея Эксимбанки билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, KOICA орқали грант маблағларини жалб қилиш ҳамда Корея Республикаси ҳукуматининг беғараз ёрдами, шунингдек, Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш дастурини кенгайтириш орқали Корея Республикаси билан кўп томонлама ва стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини таъкидлади.

Тадбир якунида кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан навбатдаги қўшма амалий ҳаракатлар келишиб олинди.

 

 

Манба: mift.uz