×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Корея: ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Жорий йилнинг 4 июл кунида, Тошкентда Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди, унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Жумладан, Корея бизнесини KAKAO Group, Somang Global, Hanshin Engneering & Construction, Posco International, HYUNDAI Construction, DRB Group, Dae Woo Construction, ERA KOREA Co,.Ltd ва бошқа вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон-Корея бизнес-форумининг тантанали қисмини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов очиш давомида, йиғилганлар эътиборини мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликнинг алоҳида даражасига қаратди. Икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри мустаҳкам алоқаларни ўрнатишга фаол интилиши таъкидланди. Шу фонда сармоявий, саноат ва савдо кооперациясидаги муваффақиятлар алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Санг Хи ҳамда тегишли идоралар раҳбарларининг ҳам маърузалари тингланди. Мулоқот чоғида икки мамлакат иқтисодиётининг фойдаланилмаган салоҳияти, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Бизнес вакилларининг ўзаро ҳамкорликка қизиқиши икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг форум доирасида B2B ва B2Gформатларида ташкил этилган учрашувларида ҳам ўз ифодасини топди. Юзма-юз очиқ мулоқотда томонлар аниқ лойиҳа таклифлари асосида ишбилармонлик ҳамкорлиги истиқболларини мазмунли муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

Корея Республикаси ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифи дастури 6-июлга қадар давом этади ва Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги саноат обектларига ташриф буюриш, уларда ишбилармонлик учрашувлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти билан танишиш якунлари бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича мустаҳкам шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

 

Манба: www.uzdaily.uz