×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Япония мамлакатимизда брэнд спорт кийимлари ва пойабзал маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон дипломатлари Япониянинг «ASICS Corporation» бошқарувчи ижрочи менежери Кодама Коичиро билан мамлакатимизда брэнд спорт кийимлари ва пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти, тўқимачилик ва чарм саноатини ривожлантириш ҳолати, “Ўзтўқимачиликсаноат” ва “Ўзчармсаноат” уюшмаларига қарашли корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти тақдим этилди. Бундан ташқари, Кодама Коичиро тўқимачилик саноатида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар, шунингдек, чарм саноатида халқаро эътироф этилган брэндлар номи остида маҳсулотлар ишлаб чиқариш кластерлари фаолияти билан таништирилди.

Ўзбекистон вакиллари тегишли ишлаб чиқариш қувватларнинг мавжудлиги, логистика ва бошқа инфратузилмалар, мавжуд ишчи кучи, тақдим этилган имтиёз ва преференциялар, кенг жуғрофий қамров ва маҳсулотларни бошқа давлатларга, шу жумладан GSP+ доирасида Европа мамлакатларига экспорт қилиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда «ASICS» бренди остида спорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таклиф қилди.

«ASICS Corporation» – спорт анжомлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган трансмиллий корпорациядир. Сўнгги йилларда компания томонидан ишлаб чиқарилган кроссовкалар бозорда энг яхшилари сифатида баҳоланган. «ASICS» брэнди остида ишлаб чиқарилган ва сотиладиган маҳсулотларга пойабзал, кийим-кечак ва аксессуарлар киради.

 

dunyo.info