×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-Франция муносабатларида ишбилармон доираларнинг бевосита ҳамкорлигига урғу берилмоқда

Жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков “MEDEF International” Франция тадбиркорлар ҳаракати Франция – Ўзбекистон ишбилармонлар Кенгаши раиси, “Orano” компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен бошчилигидаги Франция делегациясини қабул қилди.

Делегация таркибига Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Бушез Орелия, Франциянинг “Orano Mining”, “SUEZ”, “Voltalia”, “EDF”, “MEDEF International” ва “Alstom” компаниялари раҳбарияти ҳам кирди.

Томонлар Франция компаниялари билан инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини конструктив тарзда муҳокама қилдилар. Айни пайтда мамлакатда геология-қидирув, энергетика, инфратузилма, туризм ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга ихтисослашган 50 га яқин француз компаниялари фаолият юритаётгани таъкидланди.

“MEDEF” раҳбарияти Ўзбекистон Франциянинг фаол ва ишончли иқтисодий ҳамкори эканлигини таъкидлаб, мамлакатда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик француз тадбиркорларини жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Франция бизнес ҳамжамияти вакиллари ўзиларининг Ўзбекистонда ишлаш режаларини баён қилиб, тегишли йўналишларда қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш доирасида ўзбекистонлик шериклар билан жорий ҳамкорлик ҳақида сўз юритди.

Бевосита учрашув давомида унинг иштирокчилари, шу жумладан, Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзбекистон томони мамлакатимизда лойиҳаларни амалга оширишга қизиқаётган ҳар бир франциялик тадбиркорни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида икки мамлакат ишбилармон доираларини ҳамкорлик ўрнатиш ва аниқ келишувларга эришишда қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

 

Манба: mift.uz