×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон-ЕИ: устувор йўналишларда ҳамкорликни фаол ривожлантириш йўлида

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифи доирасида Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан учрашди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Асосий йўналишларда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётгани ва турли даражадаги фаол мулоқот йўлга қўйилгани таъкидланди. Бу ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга томонларнинг ниятларини акс эттиради.

Икки томонлама тадбирлар, жумладан, “ЕИ – Марказий Осиё” саммити, “ЕИ – Марказий Осиё” шаклидаги Вазирлар учрашуви ҳамда яқин келажакда Европа Иттифоқи юқори даражадаги вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Шунингдек, Европа томонига шу йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун таклифнома топширилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик муҳокама қилинди. 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил этди, шу билан бирга Ўзбекистондан ускуналар, шунингдек тўқимачилик, кимё, чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари экспортининг ўсиши кузатилди. Мамлакатнинг Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо шериклари Германия, Литва ва Италиядир. Томонлар қўшимча воситалардан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.

Жумладан, 2021 йилда Европа Иттифоқи давлатларига ўзбек товарлари экспорти 30 фоизга ошгани туфайли Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими (GSP+) бенефициари мақомини олиш орқали Ўзбекистонга тақдим этилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон томони мамлакатда меҳнатни муҳофаза қилиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ташаббусларни биргаликда амалга ошириш, шунингдек, ушбу мақомни олиш жараёнида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган барча 27 халқаро конвенция қоидаларининг талабларини самарали жорий этиш учун Ўзбекистондаги ЕИ делегацияси ва ЕИнинг тегишли институтлари билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик (КШҲТБ) тўғрисидаги Битим матнини келишиш бўйича биргаликдаги ишларнинг бориши ўрганилди. Музокаралар жараёнини фаоллаштириш ва яқин вақт ичида Тошкентда музокараларнинг навбатдаги раундини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши билан боғлиқ йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар икки томонлама музокаралар жараёнини жадаллаштиришга, шунингдек, яқин келажакда Женевада (Швейцария) Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 5-йиғилишини ташкил қилиш имкониятлари устида иш олиб боришга келишиб олдилар.

Молиявий-техникавий ҳамкорлик масалалари алоҳида тартибда муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистонда ислоҳотларни илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа Иттифоқидан 83 миллион евро миқдорида грантлар ажратишни назарда тутадиган Ўзбекистон билан 2021-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг Индикатив дастурини ҳаётга жорий этиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

Европа инвестиция банки (ЕИБ) билан ҳамкорлик фаол ривожланаётгани таъкидланди. Айни пайтда Оролбўйи минтақасида иссиқлик ва сув билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳаларида қатор лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.

Траст жамғармасининг инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Жамғарма фаолияти ва ҳудудда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилаётган молиявий ёрдам учун Европа томонига миннатдорлик билдирилди. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда ЕИ жамғарманинг энг йирик донорлардан бири ҳисобланади.

Учрашув якунида томонлар умумий вазифаларни ҳал этишда икки томонлама шериклик ва яқин ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлашга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

 

Манба: mift.uz