×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон – Беларусь: иқтисодий ҳамкорликнинг янги истиқболлари

2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Беларусь Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Л.Маринични қабул қилди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликнинг бугунги ҳолати ҳамда инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик қилишга қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди ҳамда қўшма лойиҳалар сонини ошириш бўйича ишларни давом эттириш долзарблиги таъкидланди.

Белорус ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари ўртасида, хусусан, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаларида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва тайёр маҳсулот таннархини камайтиришга қаратилган юқори технологияли корхоналарни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзаро савдо кўрсаткичларининг юқори динамикаси алоҳида таъкидланди: жорий йилнинг беш ойи якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 17 фоизга ошди. Ўзбекистон ва Беларусь ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига чиқишини осонлаштириш бўйича ишлар давом этади.

Шунингдек, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро юк ташишни ташкил этишда илғор Беларусь тажрибасини жалб қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режалаштирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга оид амалдаги “Йўл харитаси”ни ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари, инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари билан тўлдириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

https://mift.uz/