×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Испания ўртасида инвестициявий ва саноат ҳамкорлиги фаоллашмоқда

Жорий йилнинг 1-март куни “Интернатионал Ҳотел Ташкент” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Испания Саноат, савдо ва туризм вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон-Испания бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Ойбек Хамраев, Испания саноат, савдо ва туризм вазирининг ўринбосари Шиана Мендез, икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар ўз нутқларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган валюта бозорини либераллаштириш, солиқлар сонини қисқартириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, Тараққиёт стратегиясини қабул қилиш, маъмурий ислоҳотларни ўтказиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, саноат сиёсатини юргизиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа ислоҳотлар самарадорлигини таъкидладилар. Ўзбекистон Европа Иттифоқининг ГСП+ Преференциялар тизими бенефициари мақомини олди ва ЖСТга аъзо бўлиш бўйича фаол ҳаракат қилмоқда. Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли инвестициявий муҳит яхшиланиб, ташқи савдо ҳажми ошмоқда.

Шу тариқа, ГСП+ бенефисиар мақоми туфайли 2022-йилда Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорига экспорти 50 фоизга, Испания бозорига эса қарийб 2,5 баробарга ошди. Спикерлар ўзаро товар айирбошлашни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги билан бирга, етказиб берилаётган товарлар рўйхатини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доираларини қўшимча қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон томони иқтисодиётнинг устувор тармоқларида икки томонлама сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун икки мамлакатнинг рақобатбардош устуворликларидан фойдаланишни кучайтириш бўйича ташаббуслар билан чиқди. Энг истиқболлилари – автомобилсозлик ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, аҳолига хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани ривожлантириш йўналишларидир. Бундан ташқари, ҳар икки давлат эркин савдо режимларига эга йирик минтақавий бирлашмаларнинг аъзоси бўлиб, бу икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Форум доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар диққат марказида савдо, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги қўшма қадамлар бўлди. Музокаралар давомида фармацевтика, тўқимачилик, рангли металллар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электр жиҳозларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш, савдо уйлари очиш, “Маде ин Узбекистан” ва “Маде ин Спаин” қўшма бизнес-форумлари ва кўргазмаларини ўтказиш орқали фойдаланилмаётган ресурс ва имкониятларни сафарбар этишга келишиб олинди.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида сув хўжалиги ва сув тозалаш иншоотларини қуриш соҳасида, шунингдек, ипакчилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга янги ёндашув ва технологияларни жорий этиш бўйича қатор келишувлар имзоланди. Бундан ташқари, бизнес-форум дастури доирасида Б2Б музокаралари ҳам ўтказилди. Унда тадбиркорлар ва инвесторлар тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, манфаатлар кесишадиган нуқталарни аниқлаш ҳамда озиқ-овқат, яшил энергия ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида янги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси ва Испания Қироллиги ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди. Тадбир якунлари бўйича икки томонлама товар айирбошлашни кенгайтириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар очиш доирасида келгусида биргаликда амалга ошириладиган чораларни қамраб олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишилди.