×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг янги истиқболларини кўрмоқда

Жорий йилнинг 18 апрель куни Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда асосий вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат Ўзбекистон ҳукумат делегацияси Саудия Арабистони билан устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича музокаралар олиб бориш учун Ар-Риёд шаҳрига учиб кетди.

Ташриф доирасида дастлаб Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Саудия Арабистони Подшоҳлиги энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон ал-Сауд билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида энергетика соҳасидаги Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатларининг ҳозирги ҳолати, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ушбу соҳада қўшма инвестиция портфелини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Саудия Арабистони ҳозирги кунда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади. Бу кўрсаткичга кўп жиҳатдан мамлакатда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компаниясининг муваффақиятли фаолияти туфайли эришилди. Компания лойиҳаларининг умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ошади. Айни пайтда Сирдарё вилоятида 1,5 ГВт қувватга эга буғ-газ электр станциясини қуриш лойиҳаси ва Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт тенг бўлган иккита шамол станциясини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга яна бир шамол электр станциясини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Мулоқот чоғида мамлакатнинг умумий энергия балансидаги муқобил энергия манбалари улушини 2025 йилга келиб 25 фоизга етказиш мақсадида қайта тикланувчи энергия соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг муҳим истиқболлари қайд этилди. Томонлар Саудия Арабистони инвесторларининг ушбу соҳада орттирган муваффақиятли тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Хусусан, кимё саноати учун хом ашё ишлаб чиқариш мақсадида табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни қайта ишлаш лойиҳаларига эътибор қаратилди. Яқин келажакда ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини ривожлантириш мақсадида Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил қилинади.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва муносабатларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

 

Манба: mift.uz