×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорликни жадал ривожлантиришга интилмоқда

Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари Туркистон шаҳрида (Қозоғистон) Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ҳамда  Ўзбекистон – Қозоғистон Ҳудудлараро ҳамкорлик III форуми бўлиб ўтди.

Икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири А.Мамин бошчилик қилди. Тадбирда, шунингдек, икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари иштирок этди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик институти бўлиб, ўзини давлатлараро самарали платформа эканлигини исботлади.

Тадбир давомида икки Давлат раҳбарларининг яқин, ўзаро ишончга асосланган муносабатлари туфайли сўнгги йилларда кескин ошган икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш динамикаси алоҳида таъкидланди. Қозоғистон ва Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги минтақавий савдонинг 70% тўғри келиши маълум қилинди.

Икки томонлама шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, хусусан, келгуси йил якунлари бўйича икки томонлама савдо ҳажмини 5 млрд долларгача ва кейинги йилларда 10 млрд долларгача етказиш мақсадида саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарурлиги кўриб чиқилди. Бу борада савдо айланмасини ошириш ҳамда мавжуд бўлган нотариф тўсиқларни бартараф этиш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўришга тайёрлик билдирилди. Икки мамлакат божхона органларининг “Соддалаштирилган божхона йўлаги” механизмини ишга тушириш бўйича ҳамкорликдаги ишларининг алоҳида долзарблиги қайд этилди.

Саноат кооперациясини янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Автомобилсозлик, енгил саноат, машинасозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва фармацевтика бу борадаги истиқболли йўналишлардир. Шу нуқтаи назардан, икки мамлакатнинг чегара ҳудудида Саноат кооперациясининг халқаро маркази (СКХМ)ни ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Транспорт ва логистика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борадаги истиқболли режалар “Туркистон – Тошкент – Самарқанд” йўналишида янги тезюрар ҳамда “Учқудуқ-2 – Қизилўрда” участкасида темир йўл линияларини қуришдир. Ўзбекистон томони янги узилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа товарларни мунтазам ва тез етказиб бериш учун Ўзбекистон ва Россия ўртасида йўлга қўйилган “Агроэкспресс” лойиҳасида Қозоғистоннинг иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги назорат пунктларининг ўтказувчанлик қобилиятларини ошириш бўйича икки томонлама чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди. Икки мамлакат вилоятларининг ҳудудий маъмуриятлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга, икки давлатнинг чегара ҳудудларида қўшма саноат сиёсатини ривожлантиришга, икки мамлакат тадбиркорларини боғловчи қисқа ва барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳамда кластер тармоқларини яратишга, чегара савдо инфратузилмасини кенгайтиришга ўзаро тайёрлик таъкидланди. Шунингдек, икки мамлакат экспортчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзбек-қозоқ акселерация дастурини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Форум давомида икки мамлакат ҳудудий маъмуриятларининг раҳбарлари ҳудудлараро шерикликнинг бугунги ҳолати ҳақида сўзлаб, ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар билдирдилар. Ҳудудлараро ҳамкорлик кун тартибида иқтисодий шериклик масалалари билан бир қаторда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланишга қарши курашиш ва сувдан биргаликда фойдаланиш масалалари ҳам ўрин олди.

Форум якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликка урғу берилган ҳолда янги инвестициявий ва савдо битимлари тўпламини шакллантириш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштиришга келишилди.