×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбекистон ва Эрон иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Эрон Ислом Республикасининг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти М.Резаий билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар яқинда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) саммити ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити давомидаги икки Давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқотлари Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада фаоллаштиришга туртки берганини, шунингдек, эришилган келишувларни рўёбга чиқариш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга содиқлигини таъкидладилар.

Музокарада инвестициявий ҳамкорлик соҳасига эътибор қаратилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, фармацевтика, электротехника, кимё ва енгил саноат соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ҳамкорларни излаб топиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзаро савдо соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон-Эрон савдо айланмасининг ижобий динамикаси, жумладан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 74,4 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси устида олиб борилаётган ишларни кучайтиришга келишиб олдилар.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Яқин келажакда қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан Эрон ўртасида инвестициялар, саноат, савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишилди.

 

mift.uz