×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбек тадбиркорлари трансчегаравий онлайн савдо платформаларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича тренингда иштирок этишмоқда

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Хитой Савдо ва хизматлар уюшмаси ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги институти ташаббуси билан ўзбек экспортчи корхона ва ташкилотлари вакилларининг “Трансчегаравий электрон тижорат” мавзусидаги халқаро тренингда иштироки таъминланмоқда, деб хабар бермоқди.

Жорий йилнинг 2 мартидан 19 июлига қадар ҳафтанинг ҳар шанба куни бўлиб ўтаётган тренингларда дунёнинг 100 га яқин давлатидан мингдан ортиқ иштирокчи, шулардан 30 нафар ўзбекистонлик экспортчи тадбиркор қатнашмоқда.

Тренингларда онлайн-савдо бўйича жаҳоннинг етакчи компаниялари вакиллари, мутахассис ва экспертлари бугунги глобаллашиб бораётган электрон тижорат олами янгиликлари, ундаги имкониятлар ва ўзига хос омиллар, электрон савдо платформаларидан фойдаланиш ва юзага келадиган низоларни ҳал этиш бўйича билим ва кўникмалар билан иштирокчиларни таништириб боради.

Жорий йилнинг 7 май куни мазкур тренингларга бағишланган расмий тадбир бўлиб ўтиб, унда ташкилотчилар билан бир қаторда ХХР Давлат кенгаши, Осиё тараққиёт банки, ebay ва Amazon каби йирик электрон тижорат компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда савдо-иқтисодий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг бугунги кундаги ижобий натижалари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича маҳаллий ва хорижий ишбилармонларга яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берди. Иштирокчилар Ўзбекистонда электрон савдони ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар билан таништирилди.

Тадбир якунида бу каби тренинг ва ўқув курсларининг ташкил этилиши соҳага янги кириб келаётган ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келажакда давлатлар орасида электрон платформалар орқали кенг савдо қилиш имкониятини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Манба: dunyo.info