×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

USAIDнинг XI Марказий Осиё Савдо Форуми ўз ишини бошлади

Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўн биринчи Марказий Осиё Савдо Форумини бошлади. Ҳар йили ўтказиладиган ушбу халқаро тадбир Марказий Осиёда ва ундан ташқарида минтақавий савдо ва алоқаларини тарғиб қилишга қаратилган бўлиб, унда минтақада COVID-19 пандемиясидан кейинги тикланиш ва чидамлилик масалаларига урғу берилади. Беш кун давом этадиган виртуал форумда дунёнинг турли бурчакларидан, жумладан, Марказий Осиё ва АҚШдан 80 та таниқли маърузачилар иштирок этади ва уларга 42 мамлакатдан 3500 иштирокчилар қўшилади.

Анжуманнинг бу йилги мавзуси «Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш орқали пандемиядан кейинги тикланиш» бўлиб, унда бизнес ва саноат раҳбарлари, ҳукумат вакиллари, сиёсатчилар ва мавзу бўйича мутахассислар минтақа ва ундан ташқаридаги савдо-сотиқ тенденциялари, COVID-19 шароитида савдо ва туризмни тиклаш, Марказий Осиёда сув хавфсизлиги, минтақада қайта тикланадиган энергия манбаларига сармоя киритиш имкониятлари ва бошқа қизиқарли мавзуларни муҳокама қилишади.

Қозоғистондаги АҚШ Элчисининг ўринбосари Жуди Куо хоним ўзининг табрик сўзида шундай деди: «2011 йилда Бишкекда бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё савдо форуми ҳамкорлик, фикр алмашиш ва халқаро савдо фаровонлик гарови деган ишонч асосида ташкил этилган. Биз мамнуният билан таъкидлаймизки, минтақа мамлакатлари президентлари ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорлик ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватлайдилар, бу эса бугунги қийинчиликларни енгишнинг энг яхши усулидир».

Бу йилги форум АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтмоқда. Ушбу давр мобайнида Қўшма Штатлар минтақада тинчлик ва хавфсизлик, демократик ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш ва инсонпарварлик эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун 9 миллиард доллардан зиёд ёрдам кўрсатди. Икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликнинг минтақавий стратегиялари орқали бу саъй-ҳаракатлар минтақа иқтисодиётининг рақобатбардош бўлишига ёрдам берди, диверсификацияланган иқтисодий ўсишни рағбатлантирди ва бутун минтақада фаровонликни оширди.

Марказий Осиё Савдо Форуми USAIDнинг Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини яратиш лойиҳаси қуйидаги ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилмоқда: CEРТ Академияси, Қироллик логистика ва транспорт институти (Chartered Institute of Logistics and Transport), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Глобал совуқлик занжири альянси (Global Cold Chain Alliance), Халқаро молия корпорацияси (IFC), Халқаро савдо маркази (ITC), Халқаро автомобил транспорти иттифоқи (IRU), Next Generation Central Asia (Логистика ва транспорт соҳасидаги ёш мутахассислар жамияти), KAZFOAM (Қозоғистон органик қишлоқ хўжалик ҳаракатлари федерацияси), QazTrade, Туркманистон логистика ассоциацияси, Логистика ва транспортда аёллар  ҳамжамияти (Women in Logistics and Transport), Жаҳон банки гуруҳи, шунингдек, Asia Hikes, Ashgabat.In, Discover Kyrgyzstan, Ekolog.uz, Kazakhstan Press Club, Kapital.kz, Kazakh Traveler International, Kazakh Tourism, Profit.kz, Steppe, Travel Tajikistan, Uzbekistan Travel ва WideOyster медиа ташкилотлари.

Сўнгги ўн йил ичида ушбу Форум орқали USAID минтақада барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва тезлаштириш учун кенгроқ минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга кўмаклашди. У савдо ва фаровонликни чеклайдиган тўсиқларни аниқлаш, фикр ва ечимлар алмашиш, муносабатлар ўрнатиш ва бизнес юритиш учун 30 дан ортиқ мамлакатдан 10 мингдан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирди.

 

https://uz.usembassy.gov/