×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Ўзбек-Венгер бизнес-форуми бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи арафасида Будапешт шаҳрида ўзбек-венгер бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Форумнинг барча тадбирлари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто иштирок этди.

Тадбирни очиб берар экан, Петер Сийярто икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдаги ижобий динамикани ва Венгрия ҳукумати икки мамлакат учун устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни изчил кенгайтириш ташаббусларини қўллаб-қувватлаётганини қайд этди ҳамда Венгрия бизнес вакилларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга чақирди.

Ўзбекистон томони мамлакатимизда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, жумладан, визасиз режим, валюта сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган янги Тараққиёт стратегияси қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.

Венгриялик тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди. Шу муносабат билан Венгрия компаниялари учун Ўзбекистонда алоҳида саноат зонаси ажратиш, маҳсулотларга эксклюзив имтиёзлар бериш ва кафолатли харид қилиш, шунингдек, ташкил этилаётган устувор лойиҳаларни молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга ошириш каби аниқ чора-тадбирлар қайд этилди.

Форум давомида венгер компанияларига инвестициявий имкониятлар, жумладан, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, электроника ва электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё ва қурилиш саноати соҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистонга ГСП+ бенефисиар мақоми берилгани туфайли Европа Иттифоқи ҳамда МДҲ бозорларига имтиёзли чиқиш имкониятларидан фойдаланиб самарали саноат кооперацияси занжирларини яратиш истиқболлари венгриялик ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Венгриянинг вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, банклари ва етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида “Г2Б” ва “Б2Б” форматидаги учрашувлар ҳам ташкил этилиб, улар давомида иштирокчилар қўшма корхоналар яратиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш борасидаги масалаларни атрофлича ишлаб чиқишга муваффақ бўлдилар.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб берувчи қатор икки томонлама ҳужжатлар, инвестисия битимлари ва экспорт шартномалари имзоланди.

 

Манба: mift.uz