×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон–Британия кенгашининг 25-йиғилиши ўз ишини бошлади

Жорий йилнинг 3 февраль куни видеоконференция шаклида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши (UBTIC) 25-йиғилишининг очилиши бўлиб ўтди.

Тадбир Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Халқаро савдо бўйича вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, шунингдек, икки мамлакат дипломатик миссиялари томонидан ташкил этилди. Унда икки давлат вазирликлари ва идоралари раҳбарлари, халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ҳамда Британиянинг йирик хусусий компаниялари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков тадбир иштирокчиларига қутлов нутқи билан чиқиш қилди. Шунингдек, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг халқаро савдо вазири ўринбосари Грег Хэндс, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот ва Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Рустамов нутқ сўзлади.

Маърузачилар ўз сўзларида Кенгаш йиғилиши Ўзбекистон–Британия ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришда янги саҳифа очганлигини таъкидладилар. Бу эса Буюк Британия компанияларининг Ўзбекистоннинг жадал тараққий топиб бораётган бозорига қизиқиши ортаётганлигидан далолат беради. Тадбир UBTICнинг бутун тарихидаги энг кўп иштирокчиларни йиғди: «British Petroleum», «Energy Industries Council», «Rio Tinto», «Worley Parsons», «Petrofac», «Cambridge Education Partnership», «Mott MacDonald», «TheCityUK», «Sturgeon Capital» каби йирик компанияларнинг 700 дан ортиқ вакиллари қатнашди.

Анжуман давомида “Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги” мавзуида ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришнинг бугунги тенденциялари, шунингдек, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган изчил ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида Республикада бизнес юритишнинг шаклланган афзалликлари атрофлича кўриб чиқилди.

Буюк Британия томони иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги тизимли ўзгаришлар динамикаси ва самарадорлигини юқори баҳолади, ўз навбатида, Буюк Британиянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири сифатида Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Қайта тикланадиган энергетика ва таълим мавзулари бўйича сессияларда ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари икки мамлакат вазирлик ва идоралари вакиллари ҳамда Британиянинг бир қатор хусусий компаниялари раҳбарлари иштирокида батафсил муҳокама этилди.

Тадбирнинг биринчи куни якунлари бўйича икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, Британиянинг Портсмут, Бангор, Стратклайд ҳамда Кембриж университетлари билан “икки дипломли” дастурлар бўйича бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Учрашув жорий йилнинг 4 февраль куни ҳам давом этади. Дастур бўйича Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги халқаро савдо вазирининг ўринбосари лорд Гарри Гримстоун, иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Сума Чакрабарти, Буюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида савдо комиссари Жудит Слейтер нутқ қилиши режалаштирилган. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида соғлиқни сақлаш ва молия соҳалари бўйича икки томонлама музокаралар ва алоҳида мавзулар бўйича сессиялар билан бир қаторда, Ўзбекистонда хусусийлаштириш дастури ижросини муҳокама қилишга бағишланган ялпи мажлис ўтказилиши ҳам кутилмоқда.

https://mift.uz/