×

Версия для слабовидящих

Call-center
+998 (71) 202-02-10

Озарбайжон билан транспорт ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ўрганилди

Жорий йилнинг 24-декабрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Озарбайжонга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев «Алят» эркин иқтисодий зонаси ва «Боку халқаро денгиз савдо порти» ЁАЖ раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида Озарбайжон порти ва ЭИЗ ресурслари ва имкониятларидан биргаликда фойдаланиш асосида сармоявий, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Озарбайжон “Алят” ЭИЗ бошқаруви раиси Валеҳ Алескеров билан эркин иқтисодий зонада озиқ-овқат, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва бошқа юқори талабга ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва Европа Иттифоқи мамлакатлари, МДҲ ва бошқа қўшни давлатлар бозорларига экспортни ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга урғу берган ҳолда сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Боку халқаро денгиз савдо порти” ЁАЖ бош директори Талеҳ Зиядов билан транспорт-логистика алоқаларини янада кенгайтириш, хусусан, контейнерлар ташиш ва “Ро-Ро” усулида юкларини денгиз портлари орқали етказиш ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар Халқаро автомобил транспорти тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим имзоланганини олқишладилар. Боку халқаро денгиз савдо порти негизида ўзбек омборлари ва контейнер терминалларини очиш истиқболлари ҳамда юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёжлар учун зарур товарларни икки давлат ҳудудлари орқали ўзаро ташиш масалаларини муҳокама қилиш учун Халқаро автомобил транспорти бўйича Аралаш комиссия йиғилишини ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Учрашувлар якунида муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш доирасида келгусидаги ҳамкорлик формати келишиб олинди.

 
Манба: mift.uz